Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
Ҳурматли Сердар Гурбангулиевич!
Ҳурматли ҳамкасблар!
Аввало, самимий қабул ва саммитни аъло даражада ташкил этгани учун Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга чин дилдан миннатдорлик билдираман.
“Аваза” миллий сайёҳлик зонасининг гўзал қиёфаси Туркманистон жадал суръатлар билан ривожланаётганини ҳар сафар яққол намойиш этади.
Ашхободнинг МДҲда сермаҳсул кечган муваффақиятли раислиги алоҳида эътирофга сазовордир.
Барчангизни қутлуғ сана – Ҳамдўстликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Ана шу даврда мамлакатларимизда ҳам, дунёда ҳам кўп нарсалар ўзгарди. Аммо энг асосий масала бўлган ҳолат ўзгармасдан қолди: бизни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келмоқда. Бугун улардан халқларимизнинг манфаатлари йўлида фойдаланиш муҳимдир.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Бугунги кунда дунё тубдан ўзгармоқда. Зиддиятлар ортиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда.
Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш ва келишувларимизнинг реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир.
Мамлакатларимиз тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ҳамда тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу боис, биз давлатларимизнинг умумий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва савдо-инвестиция соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқишни зарур деб ҳисоблаймиз.
Оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Бу шуни англатадики, биз биргаликда ишлаб чиқаришимиз, инвестиция киритишимиз ва маҳсулотларимизни ташқи бозорларга олиб чиқишимиз зарур.
Айнан шундай кооперация энг катта натижани беради – янги корхоналар, янги иш ўринлари ва фуқароларнинг даромадлари ўсишини таъминлайди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни қаратишимиз керак бўлган бир қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтмоқчиман.
Аввало, Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарур.
Биз учун техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатлари ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ғоятда муҳим.
Мамлакатларимиз иқтисодиётининг барқарорлиги ва халқларимиз фаровонлигига бевосита таъсир қиладиган яна бир масала бу – озиқ-овқат хавфсизлигидир.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битим, шунингдек, Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастури тез фурсатларда келишиб олиниши ва тасдиқланишига умид қиламиз.
Шунингдек, бозорларимиздаги вазиятни олдиндан прогноз қилишни муҳим деб ҳисоблайман. Бунинг учун озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этишни таклиф қиламиз. Бу эҳтимолий хатарларни олдиндан тушуниш ҳамда бир мамлакатнинг қарори бошқа давлатлар бозорларига кутилмаганда таъсир кўрсатиши билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш имконини беради.
Навбатдаги муҳим йўналиш саноат соҳасидаги имкониятларимизни бирлаштириш ва ўзаро инвестицияларни кенгайтиришни назарда тутади.
Тошкентда ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси ва бешинчи Халқаро инвестиция форуми бизнес вакиллари биргаликда ишлашга юқори даражада қизиқаётганини яна бир бор намойиш этди. Бу қизиқишни янги имкониятлар яратиш билан қўллаб-қувватлаш зарур.
Махсус иқтисодий зоналарга алоҳида эътибор қаратишни таклиф қиламиз. Бизнинг мақсадимиз Ҳамдўстлик давлатларининг фаолият кўрсатиб турган махсус иқтисодий зоналари ва саноат паркларини ягона тармоққа боғлашдан иборат. Махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” тез фурсатда келишиб олинишига умид қиламиз.
Мамлакатларимизнинг транспорт жиҳатдан боғлиқлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдоримиз.
Туркман дўстларимизнинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Энергетика хавфсизлиги ҳам жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун бизга минтақанинг энергетик жиҳатдан боғлиқлигини яқин ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз зарур. Бу эса энергиянинг мавсумий ортиқчалиги ва тақчиллиги қаерда ва қачон юзага келиши, қайси тармоқларни ривожлантириш зарурлиги ҳамда гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни қандай қилиб энг самарали тарзда уйғунлаштириш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини бериши лозим.
Ушбу вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, биз МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқдик.
Барчамиз учун умумий бўлган яна бир хавф-хатар иқлим ўзгариши билан боғлиқ.
Бу борада мувофиқлаштирилган ва амалий қарорлар зарур. Биз кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш тарафдоримиз.
Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Маданий-гуманитар алоқалар халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлашнинг кучли пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Биз Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали мазкур йўналишни янада ривожлантириш учун яхши имкониятларни кўрмоқдамиз.
Бугунги кунда янги технологиялар таъсирида тез ўзгариб, замонавий иқтисодиётнинг мустақил ҳамда сезиларли қисмига айланиб бораётган ижодий индустрияларга алоҳида эътибор қаратишни таклиф қиламиз.
Шу муносабат билан “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этишни таклиф этамиз.
Шу кунларда қадимий Хива шаҳри МДҲ Ёшлар форумини қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Ишончим комил, ушбу анжуман ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун майдон бўлиб хизмат қилади.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Замонавий хавф-хатарлар ҳақида сўз кетганда, бутун дунёда кўлами жадал ўсиб бораётган муаммо – кибержиноятчилик борасида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик аллақачон фуқаролар ва бизнесга жиддий зарар етказиб, мамлакатларимиз молия тизимларининг барқарор ишлашига хавф туғдирмоқда.
Шу боис, Ички ишлар вазирлари кенгашига қисқа муддатда трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топширишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Келгуси йилда Ўзбекистон МДҲга раисликни қабул қилади.
Ҳамдўстликни янада мустаҳкамлаш ва фуқароларимиз ҳис этадиган аниқ натижаларга эришиш учун яқин ҳамкорлик қилишга бел боғлаганмиз.
Сизларни Кенгашнинг келгуси йили Бухорода ўтказилиши режалаштирилаётган навбатдаги мажлисига таклиф этаман.
Сўзимнинг якунида Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга меҳмондўстлик ҳамда саммитни юқори даражада ташкил этгани учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Бугун эришилган келишувлар ўзининг амалий тасдиғини топади, ҳамкорлигимиз эса бундан буён ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилади деб ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.