Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
3 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Йигирманчи ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни қурилиш соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқишдан бошланди.
Таъкидланганидек, қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиёти, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда замонавий инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳада коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда назорат механизмларининг самарадорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Парламент сўрови доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат архитектура назоратини кучайтириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Жумладан, коррупциявий хавфларни функционал баҳолаш натижасида 95 та паст, 10 та ўрта ва 1 та юқори хавфли йўналиш аниқланган. Шунингдек, давлат архитектура назорати тадбирлари давомида 1,65 мингта қонунбузилиш ҳолати ҳамда 1,1 мингта ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, 624 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган, жарималарнинг умумий миқдори 68,6 миллиард сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, соҳада рақамли назорат механизмларини кучайтириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган автоматлаштирилган тизим билан таъминланган ҳамда “Notarius”, “E-ma’muriy ish”, “Adolat” ва “UzKad” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Давлат харидлари соҳасида “Масофавий аудит” механизмидан фойдаланиш натижасида 3 миллиард сўмлик тендерда қонунбузилишнинг олди олинган, 869,5 миллион сўмлик қонунбузилиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Мажлисда қурилиш соҳасида коррупциявий хавфларни камайтиришда норматив талабларнинг аниқ ва тушунарли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик томонидан 105 та эскирган норматив-техник ҳужжат қайта ишланган, 76 та ҳужжатнинг мажбурий мақоми бекор қилиниб, маълумот учун тавсиявий тоифага ўтказилган.
Сенаторлар ўз чиқишларида коррупцияга қарши курашишда қонунбузилиш содир этилганидан кейин чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, уларга имкон бераётган тизимли омилларни бартараф этиш, инсон омилини қисқартириш, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Муҳокама якунлари бўйича вазирликка коррупциявий хавфларни мунтазам қайта баҳолаш, юқори хавфли йўналишлар бўйича назорат механизмларини кучайтириш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигини таҳлил қилиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, архитектура назоратида аниқланган қонунбузилишларнинг тизимли сабабларини бартараф этиш ҳамда рақамли назорат механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Тоза энергия маркази Уставини (2021 йил 27 ноябрь, Ашхобод) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Устав Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида тоза ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда паст углеродли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
Уставга мувофиқ Тоза энергия маркази аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиради, қайта тикланувчи энергетика ва энергия самарадорлиги бўйича минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашади, халқаро молиявий ва техник ресурсларни жалб этиш, шунингдек, энергетика соҳасида тажриба ва маълумот алмашинувини ривожлантиришга кўмаклашади.
Уставнинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро молиявий ресурслар, грантлар ва инвестицияларни жалб этиш имкониятларини оширади.
Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, илғор технология ва тажрибаларни жорий этиш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун янги имкониятлар яратилади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур ҳужжатнинг амалга киритилиши мамлакатимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва паст углеродли ривожланиш бўйича мақсадларини рўёбга чиқариш, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида энергетика соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани (Остона, 2025 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур Шартнома “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида имзоланган биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланиб, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Шартномада давлатларнинг суверен тенглиги, ҳудудий яхлитлиги, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари асосида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳужжатда сиёсий мулоқот механизмларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-коммуникация алоқаларини кучайтириш, энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, “яшил” тараққиёт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш белгиланган.
Шартноманинг амалга оширилиши Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини барпо этиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, “Электрон Ипак йўли” савдо платформасини ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар учун янги имкониятлар яратади.
Сенаторларнинг фикрича, қонун Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлиси давомида «Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон ва Покистон озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган маҳкумларни жазонинг қолган қисмини фуқароси бўлган давлатида ўташи учун топшириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.
Ҳужжатда маҳкумни топшириш шартлари, рад этиш асослари, марказий органлар, сўровнинг шакли ва мазмуни, жазони ижро этиш жараёнлари, транзит олиб ўтиш ҳамда харажатларни қоплаш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши чет элда жазо ўтаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлаш ҳамда жазони ижро этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Битим билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий фаолият юритувчи органи – Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази таъсис этилмоқда. Марказнинг жойлашган жойи этиб Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳри белгиланган.
Марказ аъзо давлатлар ваколатли органларининг гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашишдаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, келишилган тезкор-профилактик тадбирларни режалаштириш, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ҳамда минтақадаги наркотик вазиятни мониторинг ва таҳлил қилиш вазифаларини бажаради.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда фуқароларимиз саломатлиги ва мамлакатимиз хавфсизлигини ишончли таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан кейин “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонуннинг асосий мақсади маъмурий органлар фаолиятида ягона ҳуқуқий стандартларни белгилаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат.
Қонунда бир қатор ижобий ва зарур нормалар ўз аксини топган. Хусусан, маъмурий тартиб-таомилларнинг муҳим принциплари, далилларни тўплаш, маъмурий актларни қабул қилиш ва ижро этиш босқичлари мустаҳкамлангани давлат органлари фаолияти қонунийлигининг процессуал кафолатларини ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, муҳокамалар давомида Сенат аъзолари қонунда амалиётда қўллашда қийинчиликлар туғдириши мумкин бўлган айрим тизимли ҳуқуқий муаммолар, камчиликлар, бўшлиқлар мавжудлигини, шунингдек, тушунчалар ноаниқ эканини таъкидладилар.
Қонундаги айрим нормалар амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ мослаштирилмаган. Масалан, қонунда маъмурий актлар устидан судга қадар шикоят қилиш судда низолашишнинг мажбурий шарти этиб белгиланмоқда. Бироқ Конституциянинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу эса ижро жараёнида турлича талқин қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида чалкашликларни келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Маъмурий органлар томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларни шикоят қилиш тартиблари аниқ ва мукаммал белгиланмагани сабабли ушбу нормалар амалиётда фуқаролар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қила олмаслиги мумкин.
Қонунда айрим талабларни маҳаллий даражадаги давлат органлари томонидан тўлиқ бажариш учун ташкилий-ҳуқуқий ва инфратузилмавий шароитлар етарли даражада баҳоланмаган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи қонун тўлиқ ва мукаммал бўлиши, жамиятда бюрократияни қисқартиришга ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳақиқатда ҳимоя қилишга хизмат қилиши шарт.
Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонунни тақдим қилинган таҳрирда маъқуллаш мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келиб, уни рад этди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 16 та масала, шу жумладан 15 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати