Ўзбекистон – Қирғизистон: давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти бўйича битим имзоланди
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди. Унда қайд этилишича, Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди.
Ҳужжат икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Битимга мувофиқ, ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва уни молиялаштиради. Пенсия миқдори эса ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ, фуқаронинг мазкур давлат ҳудудидаги меҳнат стажи, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадаллари асосида ҳисобланади.
Шунингдек, бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтган тақдирда ҳам олиш имконияти кафолатланади. Битим билан икки давлат фуқаролари учун тенг ҳуқуқлар таъминланиб, дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари ҳам белгиланган.
Битимнинг ўтиш қоидаларига кўра, у кучга киргунига қадар орттирилган иш стажи миллий қонунчилик ҳамда 1992 йил 13 мартдаги МДҲ доирасидаги тегишли битим асосида ҳисобга олинади.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистонда меҳнат фаолиятини амалга оширган фуқароларнинг пенсия таъминотини янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда икки давлат пенсия тизимлари ўртасидаги мажбуриятларни адолатли тақсимлашда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА