Профилактика инспекторига алоқа тугмалари орқали хабар юбориш янада осонлашмоқда
Ҳукумат профилактика инспекторларига мурожаат қилишнинг янги тартибини тасдиқлади. Энди маҳаллалардаги махсус алоқа тугмалари орқали юборилган хабарларга 5 дақиқа ичида жавоб берилади. Бу аҳолига катта қулайлик яратади.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Фуқароларнинг профилактика инспекторига алоқа тугмалари орқали хабар юбориш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
2026 йил 25 ноябрда қабул қилинган низомга кўра, алоқа тугмалари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида профилактика инспекторлари хизмат хонасида бўлмаган вақтда уларга мурожаат ва хабар юбориш учун профилактика инспекторларининг маҳалладаги хизмат хоналари эшикларида ўрнатилади.
Таъкидланишича, алоқа тугмаларининг ишлаш ҳолати ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилинади.
Алоқа тугмаси орқали юборилган мурожаат ва хабар бўйича профилактика инспекторининг хизматда фойдаланиши учун ажратилган махсус планшетига ёки мобил қурилмасига овозли сигнал берилади.
Бунда ҳар бир профилактика инспектори келиб тушган мурожаат ва хабарни 5 дақиқа ичида қабул қилиш чораларини кўриши қатъий белгиланган.
Маълум бўлишича, мурожаат ва хабар уни биринчи қабул қилган профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилади.
Алоқа тугмаси орқали юборилган мурожаат ва хабар профилактика инспектори томонидан ёки тегишлилигига кўра ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари ёхуд бошқа ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда натижалари юзасидан фуқарога жавоб хати юборилади.
Шербек Исломов,
ЎзА