Ўзбекистон - Қатар: Иқтисодий дипломатиянинг янги ютуғи
Ўзбекистон ва Қатар муносабати бугунги кунда нафақат икки томонлама ҳамкорлик, балки Марказий Осиё ва Форс кўрфази ўртасидаги янги геоиқтисодий боғлиқлик модели сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга ташрифи ана шу жараённинг навбатдаги муҳим босқичидир. Мазкур воқеа икки мамлакат олий даражадаги мулоқоти изчил давом этаётгани, Тошкент ва Доҳа ўртасидаги сиёсий ишонч янги амалий мазмун билан бойиб бораётгани далилидир.
ЎзА мухбири Форс кўрфазидаги ушбу давлат билан муносабат истиқболи хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожини тадқиқ этиш илмий таҳлил маркази директори Адҳамжон Мамажонов билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон ва Қатар муносабатининг бугунги ҳолатига қандай баҳо берасиз?
– Бу икки давлат муносабатида сиёсий мулоқот сўнгги йилларда изчил фаоллашди. Айниқса 2023 йил 2 октябрь куни Доҳа шаҳридаги “Amiri Diwan” мажмуасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўртасида музокара ўтказилгани тарихий воқеа бўлди. Учрашувда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Айнан шу воқеа ҳар икки томон ўзаро алоқани янада юқори даражадаги стратегик шериклик босқичига олиб чиқиш тарафдори эканини намоён қилди. 2023 йил июнь ойида Қатар Амирининг Самарқандга тарихий ташрифи икки томонлама муносабатда яна бир янги саҳифа очди. Бу жараёнда дипломатик инфратузилма кучайтирилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Доҳа шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очилгани фаолликни ошириш, сармоявий лойиҳаларни мувофиқлаштириш, бизнес алоқаларини кенгайтириш ва маданий-гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим институционал асос бўлди.
2025 йил 4 ноябрь куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Президенти ва Қатар Амири ўртасида яна бир учрашув бўлиб ўтиб, стратегик шерикликни чуқурлаштириш, кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш мавзулари кўтарилди.
Демак, бу галги ташрифнинг асосий сиёсий мазмуни – мавжуд ишончни янада чуқурлаштириш, олдинги келишувлар ижросини кўриб чиқиш, амалий лойиҳаларни жадаллаштириш ва Ўзбекистон – Қатар стратегик шериклигини узоқ муддатли институционал механизм билан мустаҳкамлашдан иборат.
– Қатар сармояси Ўзбекистон иқтисодиётига қандай ҳисса қўшмоқда? Глобал энергетика ва сармоявий дипломатия ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Қатар Ўзбекистон учун оддий ҳамкор эмас, балки энергетика, суверен инвестиция, халқаро молия, воситачилик дипломатияси, юқори сифатли инфратузилма ва глобал хизмат иқтисодиёти бўйича улкан тажрибага эга мамлакат. Шу боис Доҳа билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатида алоҳида стратегик аҳамият касб этади.
Ўз тараққиётини “Qatar National Vision-2030” дастури асосида олиб бораётган Қатар Ҳукумат коммуникацияси идораси маълумотига кўра, 2008 йил бошланган ушбу стратегик қараш мамлакатни билимга асосланган, барқарор ва фаровон жамиятга айлантириш мақсадини кўзлайди. Дастур инсон тараққиёти, ижтимоий, иқтисодий ва экологик ривожланиш каби тўрт устунга таянади.
Айни ёндашув “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” билан маълум даражада уйғун. Ҳар икки мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, сармоя муҳитини яхшилаш, замонавий инфратузилма яратиш ва барқарор ривожланишга эришиш устувор мақсад сифатида қабул қилинган.
Қатар глобал энергетика бозорида ҳам муҳим ўринга эга. Расмий манбаларда қайд этилишича, “North Field Expansion” лойиҳаси доирасида мамлакат LNG ишлаб чиқариш қувватини 2030 йил 142 миллион тоннага етказишни режалаштирган. Ҳозирги даражадан қарийб 85 фоиз кўп бу рақам республикамиз учун икки жиҳатдан муҳим. Биринчидан, Қатар энергия инфратузилмасини йирик кўламда бошқариш тажрибасига эга. Иккинчидан, Қатар энергетика ва инвестиция дипломатиясини уйғунлаштира олган. Шу боис мамлакатимиз энергетика тизимини такомиллаштириш, электр токи ишлаб чиқариш қувватини ошириш, “яшил” энергетика лойиҳаларини йўлга қўйиш ва қувват сақлаш тизимини яратишда Қатар тажрибаси, капитали беқиёс аҳамиятга эга.
Ўзбекистон – Қатар иқтисодий ҳамкорлигининг энг муҳим ва аниқ натижа бераётган йўналишларидан бири энергетикадир. Бу соҳада ҳамкор давлат корхоналарининг юртимиздаги иштироки аллақачон амалий босқичга чиққан. Қатар компанияси иштирокида Сирдарё вилоятида буғ-газ технологияси асосида қуввати 1,6 ГВт замонавий электр станцияси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қурилишига тайёргарлик якунланмоқда. Тошкент вилоятида қуввати 600 МВт қувват сақлаш тизими яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш режаси ҳам кўриб чиқилган. Мазкур лойиҳалар иқтисодий дипломатия асл натижага айланганини кўрсатади. Зеро, энергетика Ўзбекистон иқтисодий модернизациясининг асосий шартларидан биридир.
– Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ўзбекистон ва Қатар савдо алоқалари сўнгги йилларда кескин ўсиб, 2025 йил бошидан буён товар айирбошлаш 45 фоиз ошди. Биз араб бозорига мева-сабзавот, қуритилган мева, дуккакли, гўшт ва парранда маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш ва тайёр саноат материаллари етказиб бериш имконига эгамиз. Қатар эса энергетика, инфратузилма, молия, меҳмонхона бизнеси, логистика, рақамли хизмат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муҳим инвестициявий шеригимиз бўла олади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликда энг долзарб масала – озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳалол экспорт занжирини шакллантириш. Қатар озиқ-овқат маҳсулотларини асосан импорт қилади. Ўзбекистон эса сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш салоҳиятига эга. Агар маҳсулотларимиз ушбу араб давлати бозорига халқаро “Ҳалол” стандарти, замонавий қадоқлаш, совуқ занжир логистика тизими ва барқарор етказиб бериш механизми асосида олиб кирилса, Доҳа якуний бозор эмас, балки бошқа Форс кўрфази мамлакатларига чиқиш нуқтасига ҳам айланиши мумкин.
– Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон халқаро транспорт йўлакларини кўпайтиршга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қатар билан ҳамкорлик айнан шу нуқтада биз учун янги стратегик имконият яратади. Доҳа глобал авиация, денгиз логистикаси ва транзит хизматида муҳим марказ ҳисобланади.
Ўзбекистон учун Қатар орқали Форс кўрфази, Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкони мавжуд. Бунда нафақат товар ташиш, балки экспортни молиялаштириш, сертификатлаш, логистика суғуртаси, омборхона хизмати, реэкспорт ва савдо ваколатхоналари муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим йўналиш – ислом молияси. Бугунги дунёда ислом банки хизмати, сукук облигацияси, шариатга мувофиқ келадиган инвестиция фонди ва инфратузилмани молиялаштириш механизми тобора кенгаймоқда. Қатар бу борада ўзига хос тажрибага эга. Ўзбекистон эса молия ва капитал бозорини ривожлантириш, хусусий сектор учун муқобил пул манбаси яратиш ва халқаро сармоядорлар учун қулай ҳуқуқий муҳит шакллантириш йўлидан бормоқда. Яъни, Қатар банклари ва молиявий институтлари билан шериклик айни соҳани ривожлантиришга ёрдам беради.
Хулоса шуки, икки давлат раҳбарлари мулоқоти давлатларимиз муносабатида янги амалий босқични бошлаб, ўзаро сиёсий ишончни янада мустаҳкамлаб, олдинги келишувлар ижросини жадаллаштириб, янги лойиҳаларга кенг йўл очади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.