Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева овоз берди
Бугун эрта тонгдан мамлакатимизда, шу жумладан Наманган вилоятида референдум бошланди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Халчахон Мирзаева янгиланаётган Бош қомусимиз бўйича референдумда иштирок этиш учун Тўрақўрғон тумани Тошкент маҳалласидаги 458-референдум участкасига оила аъзолари билан келди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Халчахон ая 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида тумандаги собиқ "Москва" колхозида, кейинчалик "Наврўз" ширкат хўжалигида ҳалол меҳнат қилди. Мустақил юртимизда фермерлик ҳаракатига эътибор қаратилиши натижасида 2002 йилда “Хадича ая” фермер хўжалигини ташкил этди. Суяги далада қотган, ерга меҳр берган матонатли аёл бунинг натижасида элда азиз бўлди, ҳурмату эҳтиромга сазовор бўлди.
– Истиқлол йилларида ўтказилган сиёсий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда айтиш керакки, референдум ҳар бир ватандошимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган тадбирдир. Унда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ўз ифодасини топади. Демакки, ҳар бир фуқаро ўз нуқтаи назарини билдириши, юртимизнинг эртанги порлоқ келажаги, одамларнинг фаровон ҳаёти учун овоз бериши керак, – дейди Халчахон Мирзаева. – Участкага эрталабда келиб, Ватанимиз равнақи, элимизнинг турмуш даражасини янада юксалтиришни кафолатловчи асосий ҳужжатни қўллаб-қувватлаш учун овоз бердим. Қувонарлиси, сиёсий тадбирга маҳалладошларим бефарқ эмас. Улар конституциявий ҳуқуқларидан унумли фойдаланган ҳолда, референдумда фаол қатнашмоқда.

Маълумот ўрнида, Тўрақўрғон агротехнологиялар техникуми биносидан ўрин олган 458-референдум участкасида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2 минг 176 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Шундан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони 770 нафар, 60 ёшдан ошган фахрий отахон ва онахонлар сони эса 220 нафарни ташкил этади. Нуронийлар аввалги сиёсий тадбирларда бўлгани каби референдумда ҳам кўпчиликка ибрат намунасини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси раиси Собитхон Турғуновнинг қайд этишича, бугун референдумда Наманган вилоятидаги 831 та участкада жами 1 миллион 592 мингга яқин фуқаронинг иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Шулардан 35 минг 600дан зиёди биринчи марта овоз бериш имкониятига эга бўлган ёшлар, жами овоз берувчиларнинг 49,6 фоизи хотин-қизлардир. Шунингдек, мавжуд участкалар томонидан овоз бериш қутилари кўмагида уйида ётиб қолган 8 минг 900дан ортиқ беморларнинг хонадонларига бориш режалаштирилган. Қолаверса, ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА