Ўзбекистон Президенти БМТ Бош котиби билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммити тадбирлари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Бош котибнинг ташкилот тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини айтди.

Фаол мулоқот ва ўзаро ташрифлар ҳамда Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органлари фаолиятидаги иштироки кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинди.
Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда катта ютуқларга эришаётганини олқишлади. Бу борадаги ҳамкорликни янада фаол давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди.

Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.