Ўзбекистон – Озарбайжон: Медиа соҳаси вакиллари ҳамкорлиги ривожланади
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги делегацияси аъзолари Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги (MEDIA) директори Аҳмед Исмоилов билан учрашди.
Мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонаси ҳамда ЎзАнинг ҳамкори “Trend” халқаро ахборот агентлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек давлатларимиз медиа соҳасидаги кўп томонлама шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида дастлаб MEDIA раҳбари меҳмонларга Озарбайжонда кейинги йилларда соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, яқиндагина қабул қилинган "Медиа тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек мамлакатда яратилиши кўзда тутилган ягона медиареестр лойиҳасига ҳам тўхталди.
Ўз навбатида ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар котибияти шўъба мудири Шаҳобиддин Мусаев мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори ОАВ, жумладан, медиа йўналишини ҳам замон талабларига мос равишда тараққий эттиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

- Биз кўпгина давлатлар қатори қардош Озарбайжоннинг давлат ва нодавлат ахборот агентликлари билан ахборот ва тажриба алмашишдан манфаатдормиз, деди – С.Шукуров. Қолаверса, соҳани ривожлантириш йўналишида фаолият кўрсатаётган бошқа давлат идоралари билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз.
- Бугунги кунда ортга қайтмас тус олган, таг замирида инсон манфаатлари ётадиган ислоҳотлар йўлини танлаган Ўзбекистоннинг конструктив, самарали саъй-ҳаракатлари кўпгина давлатлар учун фойдали бўлиши мумкин, - дея вакилимиз фикрини ривожлантирди Ш.Мусаев.
– ОАВ ва медиа соҳасини ривожлантиришга қаратилган меъёрий ҳужжатларни замонавий тенденциялар билан мувофиқлаштириш, соҳани рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш ва бошқа қатор муҳим вазифалар республикамизда устуворлик касб этган. Давлатларимизнинг айни йўналишдаги қонунчиликка оид сиёсати кўп жиҳатдан бир-бирига яқин, ўхшаш. Шу маънода ўзбек ва озарбайжон ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳар икки томон учун асқотади.
Учрашув давомида ОАВ органларида кадрлар салоҳиятини ошириш, ходимлар малака ва маҳоратини тинимсиз ошириб бориш, икки давлатнинг етакчи олий ўқув юртлари кўмагида семинар, тренинлар ўтказиш, босма матбуот нашрлари ҳамда янгиликлар тарқатишга ихтисослашган сайтларни қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ,
ЎзА мухбири.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридан тайёрланди