Ўзбекистон – Озарбайжон: ишончга асосланган ҳамкорлик
Менингча, Боку саммити арафасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга назар ташласак, ишончга асосланган сиёсий мулоқотнинг аниқ иқтисодий натижаларга айланаётганини кўриш мумкин.
Бугунги мураккаб геосиёсий ва геоиқтисодий шароитда давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўлаклари ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 15 октябрь куни Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида ўтказилиши белгиланган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити муҳим халқаро воқеадир. Расмий маълумотларга қараганда, саммит давлат ва ҳукумат раҳбарларини бир майдонда жамлаб, ўзаро ишонч, тинчлик, хавфсизлик, барқарор тараққиёт ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистоннинг ушбу тузилма доирасидаги ёндашуви доимо амалий мазмунга эга бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 2022 йилги VI саммитида қитъамизда ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини ривожлантириш, транспорт йўлакларини кенгайтириш, билимлар иқтисодиёти, рақамли технологиялар, озиқ-овқат каби йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурган эди.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасида изчил ривожланди. 2026 йил 23 август куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланиши муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича махсус дастур қабул қилинди.

Иқтисодчи сифатида эътиборимни тортадиган жиҳат шундаки, икки томонлама муносабатларда энди фақат савдо ҳажмини кўпайтириш эмас, балки саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирларини биргаликда яратиш масаласи устувор бўлиб бормоқда.
Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ортган. Энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик, молия, қурилиш материаллари ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўшма ташаббусларни молиялаштиришда дастлабки капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон – Озарбайжон инвестиция компанияси ҳам муҳим иқтисодий механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Марказий Осиёни Жанубий Кавказ орқали Европа бозорлари билан боғлайдиган Транскаспий ёки Ўрта йўлак имкониятларидан самарали фойдаланиш экспорт географиясини кенгайтириш, ташиш муддати ва харажатларини мақбуллаштириш нуқтаи назаридан катта истиқболга эга. Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари ушбу транспорт йўлагини биргаликда ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу жараёнларнинг Наманган вилояти мисолида ҳам амалий ифодасини кўриш мумкин. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг Наманган ва Озарбайжоннинг Мингечевир шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида Ўзаро англашув меморандуми имзоланган. 2026 йил август ойида Наманган делегациясининг Озарбайжонга ташрифи давомида Мингечевир раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, саноат, инвестиция, тадбиркорлик, туризм ва савдо соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ҳам муҳимроқ амалий мисол Поп туманидаги Оқтепа кумуш конини ўзлаштириш лойиҳасидир. Озарбайжон билан ҳамкорликда “Great Fortune International” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ушбу инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига 700 минг тонна маъданни қайта ишлаш имконияти яратилиши, 1000 та янги иш ўрни ташкил этилиши ва ҳар йили 50 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган.
Депутат ва иқтисодчи сифатида бу рақамларга, энг аввало, аҳоли манфаати нуқтаи назаридан қарайман. Мингта янги иш ўрни бу шунча оиланинг барқарор даромад манбаи демак. 50 миллион долларлик экспорт эса вилоятимиз ташқи савдо салоҳиятини ошириш, саноат таркибини диверсификация қилиш, маҳаллий бюджет тушумлари ва ёндош хизматлар ривожига қўшимча имконият демакдир.
Наманган вилояти сингари аҳоли зич жойлашган ва тадбиркорлик анъаналари кучли ҳудуд учун ташқи инвестицияни оддий молиявий ресурс сифатида эмас, балки янги технология, замонавий бошқарув маданияти, экспорт бозори ва юқори унумли иш ўринларини олиб келувчи восита сифатида кўриш муҳим.
Шу маънода, Наманган – Мингечевир ҳамкорлигини саноат кооперацияси, тўқимачилик, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, туризм ва логистика йўналишларида аниқ бизнес лойиҳалари билан бойитиш учун имкониятлар мавжуд. Бунинг учун ҳудуд тадбиркорларининг тўғридан-тўғри мулоқотини кўпайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва икки бозорга маҳсулот чиқариш механизмларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Боку саммити нафақат Осиё қитъасида тинчлик ва ўзаро ишонч масалаларини муҳокама қилиш, балки мамлакатлар ўртасида иқтисодий боғлиқликни кучайтириш учун ҳам муҳим мулоқот майдонидир. Чунки бугун хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт бир-бири билан чамбарчас боғлиқ: ишонч бор жойда инвестиция келади, савдо ривожланади, янги иш ўринлари яратилади ва халқлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида шаклланаётган ҳамкорлик модели ҳам айнан шу тамойилнинг амалий ифодаси бўлиб, унинг самарасини мамлакатлар миқёсида ҳам, Наманган каби ҳудудлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маъруфжон Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА