Ўзбекистон — Ўмон муносабатлари ривожланиб бормоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлигига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Ўмон Давлат кенгаши раиси Шайх Абдулмалик бин Абдуллоҳ ал-Халилий билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат парламентлари ҳамкорлик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон — Ўмон муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мулоқотда Шайх Абдулмалик бин Абдуллоҳ ал-Халилий Ўзбекистоннинг очиқ ва самарали ташқи сиёсатини юқори баҳолади. Шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Суҳбат давомида томонлар иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида қайд этди.
М.Комилова,
ЎзА