Ўзбекистон олийгоҳлари Қоҳирадаги “EDUGATE 2026” кўргазмасида иштирок этмоқда
Бугунги глобаллашув шароитида олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, миллий таълим тизимини дунёга танитиш ва хорижлик талабаларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда бу йўналишда изчил қадамлар ташлаб, мамлакат олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ана шу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим тадбирлардан бири — 2026 йилнинг 28–30 июль кунлари Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўтказилаётган “EDUGATE 2026” халқаро таълим кўргазмаси. Мазкур нуфузли анжуманда “Study in Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг олий таълим ташкилотлари ўзларининг таълим дастурлари, илмий салоҳияти ва халқаро имкониятларини намойиш этмоқда.
Ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги рақобат нафақат иқтисодиёт ёки технология соҳасида, балки таълим хизматлари бозорида ҳам кучайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, “Study in Uzbekistan” бренди мамлакатимизнинг замонавий таълим имкониятларини жаҳон ҳамжамиятига танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қоҳирадаги кўргазма орқали Ўзбекистон олийгоҳлари замонавий ўқув дастурлари, инновацион тадқиқотлари, академик алмашинув имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини кенг аудиторияга тақдим этмоқда. Бу эса мамлакатимиз таълим тизимининг очиқлиги ва рақобатбардошлигини янада намоён этади.
Миср ва бошқа араб давлатлари ёшларини Ўзбекистон олийгоҳларида таълим олишга қизиқтириш мазкур кўргазманинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда хорижий талабалар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, инглиз тилидаги таълим дастурлари, замонавий кампуслар ва академик мобиллик имкониятлари сезиларли даражада кенгайди.
Бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги истиқболли таълим марказларидан бири сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.
“EDUGATE 2026” кўргазмаси фақат талабаларни жалб қилиш билан чекланмайди. У хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш ва икки томонлама академик лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам муҳим платформа вазифасини бажаради.
Айниқса, Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг фаоллашиши икки мамлакатнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш ва янги инновацион ташаббусларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА