Ўзбекистон нобанк кредит ташкилотларининг активлари 26,5 триллион сўмга етди
Молия бозорида банклар билан бир қаторда нобанк кредит ташкилотларининг ҳам роли ортиб бормоқда. Микромолия, ломбард, факторинг, ипотекани қайта молиялаштириш ва кафолат хизматларига талабнинг ўсиши мазкур сектор активларининг жадал кенгайишига туртки бермоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда жами 237 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг таркибида, 136 та микромолия ташкилоти, 90 та ломбард, 9 та факторинг ташкилоти, 1 та ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти, 1 та кафолатлар бериш ташкилоти мавжуд.
Эътиборли жиҳати, нобанк кредит ташкилотларининг умумий активлари бир йил ичида сезиларли даражада ошган. Жорий йил 1 июль ҳолатига уларнинг жами активлари 26,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 триллион сўм ёки 64 фоизга кўп. Нобанк кредит ташкилотлари активлари таркибида энг катта улуш микромолия ташкилотларига тўғри келмоқда. Уларнинг активлари 17,2 триллион сўмга етган. Бу бир йилда 7,8 трлн сўм ёки 83 фоизга ўсиш демак.
Микромолия ташкилотлари активларининг бундай тез суръатда ўсиши аҳоли ва кичик бизнеснинг муқобил молиялаштириш манбаларига эҳтиёжи юқори эканини кўрсатади. Айниқса, банк кредитларини олиш имконияти чекланган ёки тезкор молиявий маблағга эҳтиёж сезадиган мижозлар учун микромолия хизматлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бироқ, сектор ҳажмининг тез ўсиши кредит таваккалчиликларини самарали бошқариш масаласини ҳам долзарблаштиради. Шунинг учун активлар кўпайиши билан бир қаторда қарз олувчиларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш, масъулиятли кредитлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш муҳим. Нобанк секторда активлар ҳажми бўйича кейинги йирик кўрсаткич ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти ҳисобига тўғри келади. Унинг активлари 8,1 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бир йилда 2 триллион сўм ёки 33 фоизга ошган.
Ипотекани қайта молиялаштириш механизмларининг ривожланиши уй-жой бозори ва ипотека кредитлаш тизими учун муҳим аҳамиятга эга. Бундай институтлар ипотека кредитларини молиялаштириш учун банкларда қўшимча ресурслар шаклланишига хизмат қилиши мумкин. Ломбардларнинг жами активлари 913 миллиард сўмга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 307 миллиард сўм ёки 51 фоизга кўп. Ломбардлар, одатда, қисқа муддатда маблағга эҳтиёж сезган аҳоли учун тезкор молиявий хизмат кўрсатади. Шу билан бирга, бу сегментда фоиз ставкалари, гаров шартлари ва мижозларнинг молиявий юки каби масалалар муҳим аҳамият касб этади.
Нобанк молия бозорида факторинг ва кафолат хизматларининг ривожланаётгани ҳам эътиборга молик. Кафолатлар бериш ташкилоти активлари 163 миллиард сўм, факторинг ташкилотлари активлари эса 116 миллиард сўмни ташкил этган. Бу йўналишлар ҳали микромолия ва ломбардлар билан солиштирганда кичик бўлса-да, бизнесни молиялаштиришнинг муқобил инструментларини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим. Хусусан, факторинг тадбиркорлик субъектларига дебитор қарздорликни тезроқ пул маблағига айлантириш имконини берса, кафолат механизмлари айрим корхоналарнинг молиявий мажбуриятларини таъминлаш ва кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини ошириши мумкин. Қайд этилишича, дастлабки кафолатлар бериш ташкилоти 2025 йил декабрь ойида, биринчи факторинг ташкилоти эса 2025 йил август ойида Марказий банк ҳисоб рўйхатидан ўтказилган.
Нобанк кредит ташкилотлари активларининг бир йилда 64 фоизга ўсиши Ўзбекистон молия бозорида мазкур секторнинг салмоғи ошиб бораётганини кўрсатади. Бундай ташкилотлар банк тизимига муқобил молиявий хизматларни таклиф қилиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин эгалламоқда. Бу эса молия бозорида рақобат муҳитини кучайтириш, хизматлар турини кўпайтириш ва мижозлар учун танлов имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда активларнинг тез ўсиши сектор олдига янги вазифаларни ҳам қўяди. Нобанк кредит ташкилотлари сони ва операциялар ҳажми ортгани сари уларнинг молиявий барқарорлиги, рискларни бошқариш сифати, шаффофлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари янада муҳим аҳамият касб этади. Умуман, 26,5 трлн сўмлик актив нобанк кредит ташкилотлари энди молия бозорининг кичик сегменти эмас, балки аҳоли ва бизнесни молиявий ресурслар билан таъминлашда тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу ўсиш молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш билан бирга, масъулиятли кредитлаш ва барқарор молиялаштириш тамойиллари асосида давом этиши керак.
Ш.Маматуропва,
ЎзА