20 август — Тадбиркорлар куни (+видео)
Тадбиркорлар — юрт тараққиёти, иқтисодий фаровонлик ва янги иш ўринларининг асосий таянчидир. Улар янги ғояларни амалга ошириб, давлат ривожига ҳисса қўшади ва аҳоли турмуш даражасини оширади.
Президентнинг 2021 йил 24 августдаги тегишли фармойишига асосан Ўзбекистонда 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида қабул қилинганди.
Жорий йилнинг 18 август куни Хива шаҳридаги “Конгресс-холл” мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти ўтказилди. Анжуманда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шу жумладан, туман студияларидан 25 мингга яқин тадбиркор иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари юртимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклади.
Беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганидан буён бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим топилди. Бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.
Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Корхоналарнинг асосий капиталга инвестицияси ҳам 3 карра кўпайди.
Саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага, хизматлар ҳажми 1 триллион сўмдан ошган туманлар 41 тадан 152 тага кўпайди. Миллий брендини яратган, мамлакат бўйлаб филиаллар очган тадбиркорлар сафи кенгайди.
Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен кредит рейтингини яхшилади.
Муҳайё Турдалиева, Дониёр Якубов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА