Ўзбекистон – Миср: заргарлик саноатида ҳамкорлик
Миср Араб Республикасининг заргарлик саноати вакиллари –Заргарлик қўмитаси раиси, “Vassef juvelieri” брендининг асосчиси Ихаб Васфи Амин Вассеф, шунингдек, “Keermina juvelieri” корхонаси таъсисчиси Мамдух Абдалла Габала Мусад, “King Gold” корхонаси таъсисчиси Шакер Файзи Шакер, Helvan университетининг Санъат таълими кафедраси заргарлик буюмлари дизайни ўқитувчиси Карам Мосаад Ахмед Мохамед Фарахдан иборат делегация аъзолари юртимизга амалга оширган сафарлари давомида Бухоро вилоятида ҳам бўлишди.
Ташриф доирасида дастлаб вилоят ҳокимлигида учрашув ўтказилди. Мулоқот аввалида вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон ҳамда Миср давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва тенг манфаатли савдо–иқтисодий, маданий–маърифий ҳамкорлик алоқалари сўнги йилларда ҳар жиҳатдан равнақ топиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Айни кунда кўҳна ва боқий Бухоро ва унинг салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, маданий туризм, ҳунармандчиликни, айниқса, бу жараёнда ҳар икки мамлакат учун ҳам истиқболли саналган заргарлик тармоғини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Вилоят раҳбари мисрлик тадбиркор –сармоядорларга юртимизда яратилган имкониятлар ва бизнес муҳити ҳақида маълумот берар экан, ҳунармандчилик, хусусан, заргарликни равнақ топтиришда Миср Араб Республикаси ишбилармонлари билан ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.

Миср Араб Республикаси делегацияси раҳбари, Заргарлик қўмитаси раиси Ихаб Васфи Амин Вассеф самимий қабул ва меҳмондўстлик учун Бухоро вилояти ҳокимига ўз миннатдорлигини билдирди. Икки давлат ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталари азалий тарихга бориб тақалиши, ҳозирда ҳам араб давлатида Ўзбекистон, Самарқанд ва Бухоро ҳақида яхши билишлари, буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғоний, қолаверса, тиб илми асосчиси Ибн Сино илмий меросидан хабардорликларини билдирди. Жумладан, Қоҳира атрофида этник ўзбеклар, Марказий Осиёдан борган халқлар вакиллари истиқомат қиладиган алоҳида маҳалла сақланиб қолгани таъкидланди. Айни пайтда Мисрда миллионлаб сўфийлар Бухоро ва Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги зиёратгоҳларга ташриф буюришни исташларини эътироф этди. Ўз навбатида Ўзбекистон Президентининг Мисрга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этди. Албатта, амалий конструктив аҳамиятга эга мазкур ташриф бежиз эмаслиги, маданий-ижтимоий, туризм ва ҳунармандчилик соҳаларида бу ўз самарасини бериши, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорода мисрлик инвесторлар лойиҳалари амалга оширилишига ишонч билдирди.


Делегациянинг вилоятга ташрифи кун тартибига кўра улар Бухоронинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди. Шунингдек, Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган Бухоро заргарлик мактабида уста ҳунармандлар, заргарлар билан ҳам учрашув ўтказилди.

Зариф Комилов, ЎзА