Ўзбекистон миллий бренди Хитойда кенг намойиш этилди
Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти халқаро бозорларда тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, Хитой билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда “Made in Uzbekistan” бренди остида ташкил этилаётган халқаро кўргазмалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хитой Халқ Республикасининг Сиан шаҳрида 20–25 май кунлари ўтказилаётган Ҳудудлараро форум доирасида “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида кўргазма ташкил этилди.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг экспортбоп 42 турдаги сара ва қайта ишланган маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Хусусан, зираворлар, маргарин маҳсулотлари, қуритилган мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотлар, вино маҳсулотлари ҳамда бошқа озиқ-овқат турлари хитойлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг 82 та компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 28 турдаги маҳсулот Хитой давлат реестридан муваффақиятли ўтказилган. Форум доирасида ташкил этилган B2B учрашувлари натижасида Хитойнинг “Randesi”, “Sani”, “Leato” каби йирик савдо компаниялари билан умумий қиймати 20 миллион долларлик келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев миллий кўргазма павильони фаолияти билан яқиндан танишиб, иштирокчи корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди. Мазкур кўргазма Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини намоён этиш, экспорт ҳажмини янада ошириш ҳамда янги шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА