Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи халқаро молия марказларидан бирига айланади
2026 йил 25 июлда “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун кучга кирди.Мазкур қонунда нималар назарда тутилган? Янги нормаларнинг аҳамияти нимада? Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев шулар ҳақида гапириб берди:
– Мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларнинг жалб қилинишини янада кенгайтириш ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада инвестиция муҳити тобора яхшиланаётир.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро молиявий муносабатлардаги иштирокини янада кенгайтириш мақсади олдимизга долзарб вазифаларни қўйди.
Президентимизнинг 2026 йил 30 мартдаги “Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ушбу вазифалар ижросини самарали ташкил этишга қаратилган.
Фармон ижроси юзасидан ишлаб чиқилган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг мақсади – Ўзбекистонни минтақавий ва халқаро молиявий хабга айлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур қонун Сенатнинг июль ойида бўлиб ўтган 17-ялпи мажлисида маъқуллаган эди. Давлатимиз раҳбари 13 июлда имзолаган мазкур янги қонун билан марказ ҳудудида одатий қонунчиликдан фарқ қилувчи махсус ҳуқуқий тартиб амал қилиши белгиланди. Бу инвесторлар учун қулай ва барқарор муҳит яратишга қаратилган.
Марказ ҳудудида юзага келадиган иқтисодий ва тижорат низоларини ҳал қилиш учун махсус Халқаро тижорат суди фаолият юритади.
Марказ ҳудудида банк ва инвестиция фаолияти, суғурта, қимматли қоғозлар бозори, тўлов тизимлари, исломий молия, молиявий технологиялар, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар каби фаолият турлари амалга оширилади.
Қонун билан марказ иштирокчилари учун махсус имтиёзлар, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек хорижий инвесторлар ва мутахассислар учун қулайликлар яратилади.
Марказнинг бошқарув органлари – марказ маъмурияти, молиявий хизматлар бошқармаси ва бошқа институтларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди.
Молия марказининг кенгаши доимий фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади ва камида беш нафар аъзодан иборат бўлади.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур конституциявий қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга кўриб чиқиш учун киритилган эди. Бироқ, Сенат томонидан қонун чуқур таҳлил қилиниб, ундаги айрим нормаларни амалдаги қонунчилик ҳамда халқаро стандартлар нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилиб, 16-ялпи мажлисда рад этилди ҳамда юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг тегишли келишув комиссияси тузилди.
Келишув комиссияси томонидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси хулосасида билдирилган барча таклиф ва эътирозлар атрофлича муҳокама қилинди. Депутат ва сенаторлар, ҳукумат вакиллари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида қонуннинг ҳар бир нормаси қайта кўриб чиқилди. Қонун халқаро тажриба, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштирилди ҳамда маромига етказилган таҳрирда ишлаб чиқилди.
Хусусан, марказ иштирокчиларининг маблағлари ва активларини ҳимоя қилишга оид нормалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Натижада ушбу нормалар янада аниқ, ҳуқуқий жиҳатдан асосланган ва амалиётда қўллаш учун қулай шаклга келтирилди.
Марказда кўрсатиладиган молиявий хизматлар ва амалга ошириладиган фаолият турлари алоҳида гуруҳларга ажратилган ҳолда аниқ белгиланди.
Молия маркази ҳудудида инглиз ҳуқуқини қўллаш механизмлари қайта кўриб чиқилиб, бу борада ҳуқуқни қўллашнинг аниқ тартиблари белгиланди ҳамда марказ томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларнинг ҳуқуқий мақоми янада аниқлаштирилди.
Солиқ резидентлиги дастури ҳам сезиларли даражада такомиллаштирилди. Ушбу дастурдан фойдаланиш шартлари, минимал инвестиция мезонлари, маблағларнинг келиб чиқиши, бенефициар эгалик, солиқ резидентлиги тарихи ҳамда санкциялар билан боғлиқ талаблар аниқ белгиланди.
Эркин капитал ҳаракати ва даромадларни репатриация қилиш тамойиллари сақлаб қолинган ҳолда, ушбу механизмлар Марказий банк билан уйғун ҳолда ишлаши белгилаб қўйилди. Бу орқали инвесторлар учун қулайликлар яратиш билан бирга мамлакат молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган зарур кафолатлар ҳам мустаҳкамланди.
Келишув комиссияси томонидан Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Суднинг юрисдикцияси янада аниқ белгилаб берилди, унинг ваколатлари халқаро тижорат низоларини самарали ҳал этишга қаратилди ҳамда Конституциявий суднинг ваколатлари билан ўзаро уйғунлиги таъминланди.
Шу билан бирга, судьяларни танлаш мезонлари кенгайтирилиб, халқаро тижорат ҳуқуқи, арбитраж, молия, банкротлик ва рақамли активлар соҳасида тажрибага эга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш имконияти яратилди.
Молиявий хизматлар бошқармасининг ваколатлари ҳам халқаро молия марказлари тажрибаси асосида батафсил такомиллаштирилди. Жумладан, лицензиялаш, пруденциал назорат, корпоратив бошқарув, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, молия бозорида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат ҳамда ҳуқуқни қўллаш механизмлари янада аниқ белгилаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, қонуннинг ҳуқуқий механизмлари янада мукаммаллаштирилди, амалдаги қонунчилик билан уйғунлиги таъминланди ҳамда халқаро стандартларга мослиги сезиларли даражада кучайтирилди.
Мазкур қонун мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади. Капитал бозорини ривожлантириш, илғор молиявий технологияларни жорий этишга йўл очади. Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги етакчи халқаро молия марказларидан бирига айлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА