Ўзбекистон - Корея халқаро энергетика форуми бўлиб ўтди
Бугун пойтахтимизда II Ўзбекистон - Корея халқаро энергетика форуми - "Energy Value Networks Forum" ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги кўмагида "Korea Western Power" ва KOICA томонидан ташкил этилган ушбу форумда икки мамлакатнинг давлат идоралари вакиллари, энергетика соҳаси раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари, инвесторлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Унда Энергетика вазирлигининг Экологик дипломатия ва «яшил» иқтисодиёт лойиҳалари бўлими бошлиғи Беҳруз Мирзаев, Корея Ғарбий энергетика компанияси (KOWEPO) доимий ижрочи директори Ван Мин Сок, KOICA лойиҳаси раҳбари Пак Ми хоним ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Корея ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Форум доирасида илғор энергетика технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги, инвестициявий ҳамкорлик ҳамда амалий лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Энергетика вазирлигининг Экологик дипломатия ва “яшил” иқтисодиёт лойиҳалари бўлими бошлиғи Беҳруз Мирзаев қайд этганидек, форум Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Бугунги кунда табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва, айниқса, хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишларда Корея Республикаси билан ҳамкорлик биз учун алоҳида аҳамиятга эга.
Форум доирасида қайта тикланувчи энергетика, электр тармоқларини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини рақамлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашиш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги энергетика объектлари барпо этилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда ҳамда ҳудудларда энергетика инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда. Бу йўналишларда Корея Республикасининг бой тажрибаси ва илғор технологиялари биз учун жуда муҳим.
Ишонамизки, ушбу форум доирасида ўрнатилган мулоқотлар, амалий учрашувлар, янги ташаббуслар, савдо алоқалари ҳамда қўшма лойиҳалар келгусидаги ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин яратади. Бугунги тадбир нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, балки минтақада барқарор, хавфсиз ва замонавий энергетика тизимини ривожлантириш йўлидаги умумий мақсадларимизни амалга оширишга ҳам хизмат қилади, – деди Беҳруз Мирзаев.

KOICA лойиҳаси раҳбари Пак Ми хоним сўзларига кўра, бугунги кунда бутун дунё иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор энергия таъминотини таъминлаш мақсадида энергетика соҳасида кенг қамровли трансформация жараёнини амалга оширмоқда.
– Глобал таъминот занжирларидаги ноаниқликлар кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатлар учун ишончли ва барқарор энергетика тизимини шакллантириш устувор вазифага айланди. Саноатнинг жадал ривожланиши билан бир қаторда, замонавий ва юқори самарали энергия манбаларини жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўнлаб йиллар давомида инфратузилмани ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда институционал ислоҳотларни амалга ошириш йўналишларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу алоқалар икки мамлакат ўртасидаги ишончли шерикликнинг мустаҳкам пойдеворига айланди. KOICA платформаси орқали амалга оширилаётган қўшма ташаббуслар келгусида ҳам Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига ишонамиз, – деди у.
Форум якунлари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Томонлар қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвестициявий шерикликни кенгайтириш ҳамда барқарор энергетика тизимини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга тайёр эканини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА