Сурхондарёда сунъий ёмғир ва қор ёғдирилиши мумкин
Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг дарёси ҳавзасининг юқори қисмида сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий музликлар яратиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида воҳада сувни тежаш ва “яшил белбоғ”ларни ривожлантириш учун мазкур лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Мутахассисларнинг айтишича, сайёрамизда иқлим ўзгариши таъсирида юз берадиган қурғоқчиликни юмшатишда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси экинларни суғориш учун зарур бўлган намлик ва ҳосилдорликни сақлашга, дарахт кўчатларининг барқарор унувчанлигини таъминлашга кўмаклашади. Сунъий ёмғир ва сунъий музлик пайдо қилиш қурғоқчиликка қарши курашиб, сув танқислигини юмшатиш ва қишлоқ хўжалигини етарли сув билан таъминлашга, сув захираларини кўпайтириб, иқлим ўзгариши таъсирини камайтиришда муҳим урин тутади. Яратилган сунъий музлик тоғларнинг меъёридан ортиқ исиши сабабли эриб бораётган табиий музликларни сунъий йўл билан тўлдириб, муз қатламини сақлаб қолишга имконият яратади. Ёз фаслида эриб, дарё ва сойларни оби-ҳаёт билан таъминлайдиган сув омбори вазифасини ўтайди.

Воҳадаги баланд тоғлар қўйнида сунъий ёмғир ёғдириб, сунъий музликлар яратадиган замонавий технологиялар ўрнатилиши вилоятнинг чанг тўзонлари кўтариладиган ҳудудларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган “яшил белбоғлар”да ҳам кўчатларнинг бир текис ундириб олиниши ва экологик барқарорлик таъминланишига хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири