Ўзбекистон-Корея: тиббиётдаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ташриф буюрган жанубий кореялик шифокорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Филиал директорининг даволаш ишлари бўйича муовини Ф.Ҳайдаров амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар ҳамда белгиланган режалар, олиб борилаётган илмий, амалий-услубий ишлар тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида хорижлик меҳмонлар ҳам халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши борасидаги режалари ҳақида гапирди.

Филиал билан Жанубий Кореянинг Чхунджу шаҳрида жойлашган “KOREA NATIONAL UNIVERSITY OF TRANSPORTATION” университети ўртасида меморандум имзоланди. Мазкур меморандум асосида марказ етакчи шифокорлари Жанубий Корея давлатида бўлиб, шу клиника фаолияти билан яқиндан танишиб, малака ошириб қайтишига шароит яратилади.


– Меморандумда икки мамлакат шифокорлари иштирокида тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш мўлжалланмоқда, – дейди директор муовини Ф.Ҳайдаров. - Лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш, қолаверса, бизнинг мутахассислар ҳам Жанубий Кореяга бориб хориж тажрибасини ўзлаштириб келиши режа қилинган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири