Ўзбекистон-Корея: таълимдаги ҳамкорлик
Корея Республикаси Кёнгбук шаҳар таълим бошқармаси мутасаддилари Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида бўлди.
Учрашув жараёнида Бухоро мактабларида корейс тилини ўргатишга қаратилаётган эътибор ва бу йўналишда ўқувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, эришилаётган натижалар ҳақида гаплашилди. Хусусан, бухоролик ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг Корея давлати ҳамкорлигида ташкил этилаётган танловлар, турли лойиҳаларда фаол иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
2024 йилда Кёнгбук шаҳри мактаблари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш хусусида келишиб олинди.
Айни кунларда Корея Республикаси Кёнгбук вилояти шаҳар таълим бошқармаси билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида Кёнгбук шаҳридаги мактабларнинг бир гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчилари Бухоро шаҳрида таълим саёҳатида бўлиб турибди.
Саёҳат доирасида меҳмонлар Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлди. Таълим муассасаси фаолияти ва тенгдошларининг мактабдаги ҳаёти билан яқиндан танишди.
Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда ўқувчиларга иккита хорижий тил – инглиз ва корейс тиллари ўргатилади.
Мактабда 3-синфдан бошлаб ўқувчилар 2 та хорижий тилни ўрганади. Бугунги кунда ҳар 2 тилда ҳам бемалол сўзлаша оладиган ўқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Уларнинг 30 нафарга яқини тил билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатларни қўлга киритган.
[gallery-15441]
–2020 йилдан буён корейс тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мақомини олган ушбу илм муассасамиз Корея таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, –дейди Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Ҳалима Нурилаева. –Ўқитувчи ва ўқувчилар халқаро конференцияларда иштирок эта бошлашди. Мактаб ўқувчиларининг 12 нафари ва ўқитувчиларнинг 5 нафари Корея таълим вазири томонидан имзолаган сертификатлар ҳамда совғалар, иқтидорли ўқувчилардан бир нафари фаол иштироки учун медал билан тақдирланди. Мактаб битирувчиларининг 2 нафари грант асосида Кореядаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олмоқда. Илғор тажрибага эга маҳоратли корейс тили ўқитувчилари эса 3 йилдан буён “Энг яхши дарс ишланмаси” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлдан бермай келмоқда.
Қисқа муддат ичида эришилган бу каби салмоқли ютуқлари туфайли 42-ИДУМ Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Корея Республикаси Таълим маркази томонидан “Корейс тилини ўқитиш бўйича намунали мактаб” деб топилди.
Мактаб ҳаёти билан танишиш жараёнида кореялик меҳмонлар “Миллий маданият дарслари”да иштирок этди. Ушбу дарслар орқали кореялик ўқувчиларга миллий кийимларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, миллий қўшиқ ва рақслар, ўйинларимиз ҳақида кўргазмали тарзда тақдимотлар қилинди.
Айниқса, миллий таомлар билан танишишга бағишланган маҳорат дарси меҳмонлар учун ниҳоятда қизиқарли ва завқли кечди. Мактабнинг технология фани ўқитувчилари ёрдамида улар қовурилган сомса ва кабоб таомларини ўз қўллари билан тайёрлаб кўришди.
Бу жараён икки миллат ўқувчи ва ўқитувчиларини бир-бирларига янада яқинлаштирди. Улар орасидаги илиқ дўстона муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари