Ўзбекистон кимё саноати янги босқичга кўтарилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф буюриб, бир қатор корхоналар фаолияти билан танишди ҳамда кимё саноатини жадал ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб технопаркдаги “Kmita Polymers” корхонасида бўлди.
Россиянинг “Polymers” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Бундай плёнкалар замонавий иқтисодиётнинг кўзга кўринмайдиган, аммо жуда муҳим бўғинларидан биридир. Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника, қурилиш материаллари, фармацевтика воситалари ва турли саноат товарларининг бозорга хавфсиз етказилиши, ташқи таъсирлардан муҳофазаланиши кўп жиҳатдан замонавий қадоқлаш технологияларига боғлиқ.
6 минг 670 квадрат метр майдонни эгаллаган корхонада Италиянинг замонавий технологик ускуналари асосида кенг ассортиментдаги полимер ва термоқисқарувчи плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Унинг ишга туширилиши натижасида 9,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланмоқда.
Лойиҳа икки босқичли кенгайтириш дастури асосида амалга оширилмоқда. Инвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил этади. Унинг биринчи босқичида 7,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди.
Лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилди. Кейинги босқичларда иш ўринлари сони янада кўпайиши кутилмоқда.
2025 йилда бу ерда 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 6 миллион долларлик маҳсулот Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинди.
Корхона ишлаб чиқараётган полимер маҳсулотлар Coca-Cola, Pepsi, Flash, “Черноголовка”, Ackerman, Asl Oyna, Biolife ва Family Group каби йирик брендларнинг қадоқлаш тизимларида маҳаллий хомашё сифатида қўлланилмоқда.
Қадоқлаш индустрияси замонавий саноатнинг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бири экани таъкидланди. Чунки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб борган сари уни хавфсиз сақлаш, ташиш ва бозорга етказиб бериш талаблари ҳам кучаяётгани қайд этилди.
Шу маънода, бундай корхоналар сонининг кўпайиши нафақат бир тармоқнинг ривожланишига, балки озиқ-овқат саноати, қурилиш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг барқарор ишлашига ҳам хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркидаги “NovoPlast TPE” корхонасига борди.
Лойиҳа Россиянинг “VR Plast” корхонаси билан ҳамкорликда 4 минг 200 квадрат метр майдонда амалга оширилган. Унинг умумий қиймати 5,4 миллион долларни ташкил этади.
Корхонада замонавий лаборатория ва инновацион ишлаб чиқариш линиялари йўлга қўйилган. Бугунги кунда у термопластик эластомер гранулалар ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий етакчилардан бири сифатида фаолият юритмоқда.
Бу ерда юқори сифатли термоэластомерлар, эшик ва ромлар учун зичлагичлар, техник ҳамда озиқ-овқат саноати учун мўлжалланган шланглар, шунингдек, қурилиш ва электротехника тармоқлари учун турли полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий афзаллиги уларнинг мустаҳкамлиги, деформацияга чидамлилиги ва ташқи муҳит таъсирига юқори бардошлилиги ҳисобланади. Шу сабабли мазкур маҳсулотлар қурилиш, автомобиль саноати, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳамда электротехника соҳаларида кенг қўлланилмоқда.
Корхона таркибида замонавий тадқиқот маркази фаолият юритади. Бу ерда Осиё ва Европа бозорлари талабларидан келиб чиққан ҳолда термоэластопластларнинг янги рецептуралари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, тайёр гранулалар, зичлагичлар ва юқори босимли шланглар халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказилади.
58 та янги иш ўрни яратилиб, ўтган йил якунларига кўра, бу ерда 103 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шунингдек, 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Корхона фаолиятининг яна бир муҳим натижаси импорт ўрнини босиш билан боғлиқ. Хусусан, 2025 йилда 8,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Келгусида корхона маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 177 миллиард сўмга ҳамда экспорт улушини 60 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу режалар амалга оширилса, корхона нафақат маҳаллий бозор эҳтиёжларини қондириш, балки Марказий Осиё ва бошқа ташқи бозорларда ҳам ўз мавқеини янада мустаҳкамлаши мумкин.
“Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев “BCG Group OZ” корхонаси билан танишди.
Маиший ва автомобиль кимёси кундалик турмуш ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган кимёвий воситалар ҳисобланади. Ўзбекистонда бу турдаги маҳсулотларнинг катта қисми импорт қилинар эди, аммо бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда.
“BCG Group OZ” корхонаси айни кунда кенг ассортиментда маиший ва автомобиль кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.
Умумий қиймати 6 миллион долларлик лойиҳа доирасида россиялик ҳамкор билан ташкил этилган корхонада 80 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
80 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан, автокимё ва автокосметика, меҳмонхона, ресторан ва саноат учун профессионал клининг воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Биргина ўтган йилда 176 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 2,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. 14,7 миллион долларлик маҳсулот импорт ўрнини босди.
Маҳсулотларнинг сифати миллий ва халқаро ҳужжатлар, хусусан, ISO 9001, “Ҳалол” ҳамда МДҲ давлатлари сертификатлари билан тасдиқланган.
Ишлаб чиқариш жараёнида сифат назорати хомашёдан бошлаб тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олади. Лабораторияда хомашёнинг техник талабларга мувофиқлиги, маҳсулотнинг қовушқоқлиги, pH кўрсаткичи, зичлиги ва самарадорлиги текширилади.
Бугунги кунда корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон каби қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
Корхона келгусида маҳсулотларининг ҳажмини 294 миллиард сўмга етказишни мақсад қилган.
Давлатимиз раҳбари бу каби ишлаб чиқаришлар мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодиёт ривожининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда ташкил этилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бугунги кунда соҳадаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланиб улгурди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида барпо этилган мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш мақсадига хизмат қилмоқда. Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга 25 миллион доллар маблағ йўналтирилди.
Технопаркнинг инвестициявий жозибадорлиги аниқ рақамларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Йил давомида корхоналар томонидан 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Келгуси режалар ҳам улкан. 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2 минг 300 тага ошириш белгиланган.
Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёевга технопарк фаолияти, шунингдек, кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар тақдимот қилинди.
Бугунги кунда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш аграр сектор барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Йилига 3,7 миллион тонна ўғит ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, импорт қилинаётган фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга бўлган талаб тармоқни янада модернизация қилишни тақозо этмоқда. Бу борада 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Нефть-кимё тармоғида эса полимерларга бўлган ички эҳтиёж ортиб бормоқда. 2032 йилга бориб, мазкур эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Ангренда “Кўмирдан олефинлар олиш” ва Қўнғиротда “Нафтани қайта ишлаш” каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу талабни тўлиқ қондириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилади.
Маиший кимё соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция лойиҳалари орқали импорт ҳажмини икки баробарга қисқартириш, ички истеъмолни маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига 64 фоизгача етказиш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш кўзда тутилган.
Сўнг шу ерда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини жадал ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Иқтисодиётимиз жадал ривожланиб, сўнгги йилларда саноат тармоқларида 3 минг турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди.
Бундан 9-10 йил аввал мамлакатимизда кимё маҳсулотларининг асосий қисмини минерал ўғитлар ташкил қилган. Кейинги йилларда соҳага 8 миллиард 300 миллион доллар инвестиция киритилиб, 87 та йирик қувват ишга туширилди.
ПВХ, “яшил” водород, кўпикли полипропилен, БОПП плёнка каби 60 дан зиёд турдаги юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу орқали иқтисодиёт тармоқларида минглаб янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё базаси яратилди.
Натижада соҳада экспорт 3 карра ўсди, ишчилар сони 50 минг нафардан ошди.
Шу билан бирга, тармоқда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Сўнгги тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида бу кўрсаткич 3 фоизга ҳам етмаган. Кимё маҳсулотлари импорти 4 баробар ошиб, йилига 4,5 миллиард долларга етган.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан чекланиб қолаётгани, соҳадаги 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда маҳсулотлар таркибини ўзгартириш, қўшилган қийматни ошириш ва энергия сарфини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда йилига 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунга 1 миллиард 70 миллион куб метр газ сарфланмоқда. Шу билан бирга, илғор давлатлар селитра истеъмолини камайтириб, қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрувчан ўғитлар, тоғ-кон саноатида эса ғоваксимон селитрадан фойдаланишга ўтмоқда.
Аммиакли селитра билан таннархи бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат 2 баробар юқори. Мутасаддилар ва кимё корхоналари раҳбарлари бундай лойиҳаларни кўпайтириш ҳақида жиддий ўйлаши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, “Навоийазот”да ишлаб чиқарилаётган 1 тонна циан тузининг нархи 3 минг 700 доллар бўлса, ундан елим ишлаб чиқарилганда қиймати 8 минг долларгача ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Масъулларга “Навоийазот” ёнидаги кластерда 1 миллиард долларлик 10 та кам тоннали кимё лойиҳасини бошлаш топширилди.
Геологияда мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш орқали ҳам қўшилган қийматни бир неча баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоийда 550 миллион тонна натрий ва калий, 20 миллион тонна бентонит захиралари бор. Ушбу хомашё чуқур қайта ишланиб, каустик сода ишлаб чиқарилса, қўшилган қиймат 3 баробар ошади.
Жиззахда 1,5 миллион тонна, Қорақалпоғистонда 500 минг тонна серпентинит захираси аниқланган. Унга сульфат кислотаси билан ишлов берилса, тоннаси 5 минг долларгача бўлган магний оксиди олиш мумкин. Серпентинит янада чуқур қайта ишланса, никель, хром ва кобальт олиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса электротехника саноати учун муҳим хомашё ҳисобланади.
Мутасаддиларга фосфорит, галит, мирабилит, серпентинит каби кимё саноати учун зарур хомашё захираларини 2 баробар ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиб, амалий ишларни бошлаш топширилди. Серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Мамлакатимизга йилига 300 миллион долларлик маиший кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Минтақада эса бундай маҳсулотлар учун 2 миллиард долларлик бозор мавжуд.
Мисол учун, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркор дунёга машҳур “Henkel” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозир ушбу корхона “Henkel” томонидан сотиб олинган бўлиб, бу ердан Ҳамдўстлик давлатларига маҳсулот етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Бундай лойиҳаларни кўпайтириш мақсадида пойтахтдаги саноат зоналаридан биридаги майдонлар маиший кимё лойиҳалари учун ажратилади. Ишга туширилган корхоналарни бренди билан бирга тайёр даромадли бизнес сифатида хусусий секторга сотиш шарти билан ушбу йўналишга 50 миллион доллар йўналтирилади.
Бошқа вилоятлардаги шундай лойиҳалар учун Саноат кооперацияси жамғармасидан 15 миллион доллар ажратилади. Умуман, мутасаддиларга маиший кимёда камида 100 та янги бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда минерал ўғитлар бозоридаги имкониятлар ҳам таҳлил қилинди.
Дунёда минерал ўғитларга талаб йилига 5 фоиздан ўсмоқда ва 2030 йилда 260 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Айниқса, янги агротехнологиялар ҳисобига сувда эрувчан ўғитларга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда.
Келгуси уч йилда соҳа масъуллари ва ҳокимлар олдида 2 миллиард 800 миллион долларлик 42 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси турибди. Бу орқали 2030 йилга бориб, азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 миллион тоннадан 4 миллион тоннага, фосфорли ўғитларни 400 минг тоннадан 900 минг тоннага, сувда эрувчан ўғитларни 100 минг тоннадан 400 минг тоннага етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Сувда эрувчан ўғитлар, полимерлар, маиший ва ноорганик кимё бўйича режалаштирилган йирик лойиҳалар ҳисобидан нанокимё, “яшил” кимё, супермолекуляр кимё, сунъий интеллект асосида кимёвий моделлаштириш каби замонавий йўналишларда кадрларга талаб ортиши таъкидланди.
Шу муносабат билан кимё саноатида таълим, тадқиқот, лаборатория ва стартапларни қамраб олган яхлит тизим яратилиши белгиланди.
Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманидаги 60 гектар майдонда кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил этилади. Ушбу кластерда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази барпо қилинади. Марказда тажриба-синов ишлари билан боғлиқ харажатларнинг ярми қоплаб берилади.
Умуман, кимё саноатида 17 миллиард долларлик 350 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш бўйича дастур ишлаб чиқиб, амалий ишларни бошлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу катта марраларга эришиш учун соҳани илмий асосланган ва замонавий ёндашувлар асосида бошқариш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат”ни трансформация қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида кимё саноати масъуллари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот бўлиб ўтди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари