ICH ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ва NAFDAC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Шу кунларда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида “Инсон фойдаланадиган фармацевтика воситаларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича Халқаро кенгаш” (ICH) ассамблеяси ҳамда “Дори воситаларини тартибга солиш бўйича халқаро платформа” (IPRP)нинг умумий йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур халқаро тадбирларда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати батафсил маълумот тақдим этди.
Тадбир доирасида Нигериянинг Дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш миллий агентлиги — NAFDAC (National Agency for Food and Drug Administration and Control) вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашув якунида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда NAFDAC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, инспекция фаолияти, лаборатория синовлари, фармаконазорат, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Таъкидлаш жоизки, NAFDAC Африка қитъасидаги энг илғор регулятор органлардан бири ҳисобланади. Агентлик Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан бериладиган WHO Maturity Level 3 (ML3) мақомини қўлга киритган ва уни муваффақиятли тасдиқлаган илк Африка регулятори сифатида эътироф этилган. Ушбу мақом регулятор тизимнинг барқарор, етук ва халқаро даражада тан олинган фаолият юритаётганини англатади.
NAFDAC лабораториялари ISO/IEC 17025:2017 ва ISO 9001:2015 халқаро стандартлари бўйича аккредитациядан ўтган бўлиб, марказий лабораторияси ЖССТнинг преквафикация дастурига киритилган. Шунингдек, агентлик тиббий буюмлар ва in vitro диагностика воситаларини тартибга солиш бўйича ЖССТ глобал benchmarking баҳолашидан муваффақиятли ўтган дунёдаги илк регулятор орган сифатида ҳам эътироф этилади.
Эътиборлиси, ушбу халқаро тадбирлар давомида NAFDAC ташкилоти ICHнинг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа Нигерия регулятор органи халқаро фармацевтика ҳамжамиятининг энг нуфузли тузилмаларидан бири ҳисобланган ICHнинг тўлақонли аъзолари қаторидан жой олди ҳамда халқаро меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш жараёнларида бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистон регулятор органи 2024 йилда ICH'га кузатувчи сифатида қабул қилинди. Бу эса мамлакатимиз фармацевтика тизимини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш ва дори воситаларини тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган учрашувлар ва эришилаётган келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика ҳамжамияти билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ҳамда маҳаллий фармацевтика тармоғининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА