Ўзбекистон инклюзив таълимда Германия тажрибасини ўзлаштирмоқда
Алоҳида эҳтиёжли болалар учун Ўзбекистонда янгича таълим йўли очилмоқда. Бунда Германия тажрибаси қандай ноёб имкониятларни тақдим этмоқда?
Мамлакатимизда “Инсон қадри” тамойили асосида юритилаётган сиёсат натижасида алоҳида таълимга эҳтиёжманд болалар учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилди. Уларнинг саломатлигига бўлган эътибор ҳам муҳим босқичга чиқди.
Ана шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ, "Меҳрли мактаб" лойиҳаси доирасида Ўзбекистон госпиталь мактаблари ва Низомий номидаги миллий педагогика университети ўқитувчилари учун Myunxen Lyudvig-Maksimilian университети (LMU), алоҳида эҳтиёжли болалар учун ихтисослаштирилган таълим марказлари ва "Schwabing" клиникаси қошидаги госпиталь мактаби мутахассислари иштирокида ўқув-семинарлари ўтказилди.
Унда ўзбекистонлик мутахассислар ҳам узоқ муддат даволанаётган болаларни ўқитишни ташкил этиш, алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчилар, шу жумладан аутизм спектрининг бузилиши ва хулқ-атвор хусусиятлари бўлган болалар учун инклюзив муҳитни яратиш бўйича Германия тажрибасини ўрганди. Ўқув жараёнини индивидуаллаштиришга, шунингдек, ўқувчиларни умумтаълим мактабларига реинтеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташриф орқали мутахассислар госпиталь педагогикасининг миллий моделини тақдим этиш ва Германиянинг замонавий таълим амалиётларини ўрганиш, илмий-тадқиқот фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этиш керакки, бундай халқаро тажрибалар соҳанинг келгуси салоҳияти янада ошишига сабаб бўлади. Шунингдек, юртимизда малакали мутахассислар кўпайишига ҳам замин яратади.
Шербек Исломов,
ЎзА