Ўзбекистон – Хитой: металлургия соҳасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокамада
Металлургияда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Бугун тармоқ олдида хомашё базасини кенгайтириш, самарадор технологияларни жорий этиш ва замонавий саноат инфратузилмасини шакллантириш каби муҳим вазифалар турибди. Шу боис, йирик металлургия корхоналари учун халқаро технологик ҳамкорлик янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омилга айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзметкомбинат” АЖнинг хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари корхонанинг истиқболдаги ривожланишида алоҳида аҳамият касб этади. Айни кунларда Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган корхона бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев бошчилигидаги делегация “SINO STEEL Engineering & Research Incorporation Limited” компанияси раҳбарияти билан истиқболли саноат лойиҳалари юзасидан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқот давомида “Ўзметкомбинат”нинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бир қатор йўналишлар муҳокама қилинди. Хусусан, металлургия жараёнларига замонавий технология ва муҳандислик ечимларини жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ҳамда янги саноат объектларини барпо этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири “Ўзметкомбинат” ҳудудида янги домна печини қуриш лойиҳаси бўлди. Мазкур объектнинг барпо этилиши корхонанинг металл ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва келгусидаги эҳтиёжларни таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Корхонанинг узоқ муддатли ривожланишида хомашё таъминоти масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, учрашувда “Тебинбулоқ”, “Темиркон” ва “Закар-Чуян” конларининг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, мазкур ҳудудларда геологик тадқиқотлар ўтказиш, бурғилаш ишларини ташкил этиш ва конларни кейинчалик саноат миқёсида ўзлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, муҳокама қилинган лойиҳаларни чуқур ўрганиш ва уларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА