Ўзбекистон-Хитой: ипакчилик соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Иқболжон Эргашев ҳамда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Рашид Абдуллаев бошчилигидаги ипакчилик ҳамда уруғчилик корхоналари раҳбарларидан иборат делегация азолари Хитой Халқ Республикасида бўлди.
Ташрифнинг биринчи кунида делегация аъзолари Сичуан провинциясидаги уруғ ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Хитойда учинчи ўринда турувчи "Sichuan Xichang Cocoon Silk Co" уруғчилик корхонасида бўлди.

Корхона фаолияти ва провинциядаги тутзорлар билан яқиндан танишилди, шунингдек, 2025 йил мавсуми учун ипак қурти уруғи етказиб бериш борасида музокаралар ўтказилди. Икки давлат ўртасида ипак қурти уруғи тайёрлашда мутахассислар алмашиш борасида келишувларга эришилди.

Делегация аъзолари Жеданг провинцияси Хужу шаҳридаги автоматлаштирилган ипак қурти парваришлаш корхонасида ҳам бўлди.
Мазкур қуртхонада бир йилда 8 маротаба ва 1 гектар ерда 30 қути ипак қурти парваришланади. У ерда ҳам икки томонлама тажриба алмашиш борасида келишиб олинди.

Шунингдек, делегация аъзоларининг навбатдаги манзили Шандон провинциясидаги канакунжут илмий тадқиқот институтида бўлди.
Қайд этилишича мазкур институт тажриба даласида 200 дан ортиқ канакунжут ўсимлиги нави парвариш қилинмоқда. Институтда олимлар томонидан канакунжут ипак қурти парваришлаш технологияси бўйича маърузалар тингланди.

Ўзбекистонда канакунжут ипак қурти етиштириш бўйича мутахассислар билан таъминлаш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, делегация томонидан Гуанши провинциясида ипак қуртини интенсив боқиш бўйича ҳам Хитой тажрибалари ўрганилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА