Ўзбекистон Хитой билан кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилади
Жиззах политехника институти ректори Алишер Усмонқулов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида таълим, илм-фан, сунъий интеллект ва муҳандислик соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларига эътибор қаратилди.
Сужоу технологиялар университети билан йўлга қўйилган “2+2” қўшма таълим дастурининг илк иштирокчилари Хитойда таҳсилни бошлагани алоҳида аҳамият касб этди. Талабаларни қабул қилиш маросимида икки олий таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этди.


Мазкур дастур доирасида талабалар касбий билимларини халқаро муҳитда бойитиб, Хитойнинг таълим тизими ва ишлаб чиқариш амалиёти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.


Делегациянинг хитойлик ҳамкорлар ва инвесторлар билан мулоқотларида институтда ташкил этилаётган сунъий интеллект лабораториясини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва хорижий сармояларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, “Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллект инновация маркази” лойиҳаси тақдим қилиниб, таълим, илм-фан ва саноат учун қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди.


Хефей технологиялар университети раҳбарияти билан учрашувда талабалар, магистрантлар ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, дарсликлар яратиш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Электромобиллар ва автоном бошқариладиган транспорт воситалари бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш режаси ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорлик меморандумини 2026 йил 6-8 ноябрь кунлари Хефей технологиялар университетида ўтказиладиган халқаро конференция доирасида имзолашга келишиб олди.

Ташрифнинг амалий қисмида делегация “JAC Motors” компаниясида бўлиб, замонавий автомобилсозлик жараёнлари билан танишди. Учрашувда муҳандислик таълими учун илғор лабораториялар ташкил этиш, амалий машғулотларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, таълим ва саноат интеграциясини кучайтириш, шунингдек, истиқболдаги қўшма лойиҳалар ва инвестиция йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу мулоқотлар Жиззах политехника институтининг “Рақамли университет” стратегияси доирасида халқаро таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий муҳандислик кадрларини тайёрлаш ҳамда таълимни ишлаб чиқариш билан янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири