Навоийда вариатив таълим қамрови 3,2 баробарга кенгайди
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ёшларга замонавий билим ва кўникмалар бериш, уларнинг қобилияти ва қизиқишларини рўёбга чиқариш учун зарур шароитларни яратишдир. Айниқса, таълим тизимида ҳар бир ўқувчининг индивидуал қобилияти, қизиқиши ва келгусидаги касбий мақсадларини инобатга олган ҳолда таълим беришга алоҳида эътибор берилмоқда. Навоий вилоятида ҳам мазкур йўналишда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
– Ҳозирда таълим тизимида ўқувчининг шахсий қизиқиши ва қобилиятига мос ёндашувни кучайтиришга эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ўқув жараёнини методик таъминлаш ва дарсликлар шуъбаси бош методисти Шаҳло Раҳмонова. – Чунки ҳар бир боланинг иқтидори ва қизиқиши турлича. Кимдир аниқ фанларга, кимдир техника ёки иқтисодий йўналишларга қизиқиши мумкин. Вариатив таълим эса ана шу индивидуал хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларга ўз қизиқишлари бўйича чуқурроқ билим олиш имконини беради. 2025-2026 ўқув йилида вилоятдаги 18 та мактабда 36 та вариатив синф ташкил этилиб, уларда 1 012 нафар ўқувчи қамраб олинган бўлса, жорий ўқув йилида 33 та мактабда 114 та вариатив синф фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 3 261 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Натижада бир йил давомида вариатив синфлар ҳамда уларда таҳсил олаётган ўқувчилар қамрови 3,2, мактаблар сони эса 1,8 баробарга ошди. Шунингдек, вариатив таълим йўналишлари ҳам кенгайиб, уларнинг сони 7 тадан 11 тага етказилди.

Айни пайтда вариатив синфларда ўқувчиларнинг энг катта қизиқиши молия-иқтисод, муҳандислик (технология) ва табиий фанлар йўналишларига тўғри келмоқда. Жумладан, 35 та синф молия-иқтисод, 21 та синф муҳандислик (технология), 18 та синф эса табиий фанлар йўналишида ташкил этилган.
Вариатив синфларнинг 90 таси ўзбек, 18 таси рус, 4 таси қозоқ ҳамда 2 таси қорақалпоқ тилида фаолият юритмоқда.

Энг муҳими, бу жараён ёшларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини юксалтириш, уларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш ҳамда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири