Ўзбекистон – Ҳиндистон: кенг қамровли стратегик шериклик янги босқичга кўтарилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 29-30 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Кўксарой қароргоҳида 30 август куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.
Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Нарендра Моди давлатимиз раҳбарини Мустақиллик куни билан табриклаб, халқимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Фаол ва самарали мулоқотлар турли даражаларда давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони етти баробарга кўпайди. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта университети фаолият юритмоқда.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази ва Маҳатма Ганди номидаги Ҳиндшунослик маркази муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистонда йога тобора оммалашиб бораётгани ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилди.
Мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Бу Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб бериши ва барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.
Томонлар сиёсий мулоқот ва алмашинувларни барча даражаларда, шу жумладан, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасида фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Ҳамкорликни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида мувофиқлаштирувчи механизмни таъсис этиш кўзда тутилди.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олдилар.
Саноат кооперациясини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноатида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юқори баҳоланди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ҳамда Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказиб бориш борасида келишувга эришилди. Ташриф доирасида Маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.
Музокаралар давомида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Етакчилар халқаро тузилмалар доирасидаги самарали ҳамкорликни мамнуният билан қайд этдилар. Томонлар БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларнинг фаол илгари сурилишини таъминлаш топширилди.
Ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини ўз ичига олган тегишли “йўл хариталари” ишлаб чиқилади.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модига Ўзбекистон Республикасининг “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ҳиндистоннинг сўнгги йиллардаги жадал тараққиёти ҳамда халқаро майдонда тобора ортиб бораётган нуфузи бевосита мамлакат етакчисининг самарали фаолияти билан боғлиқ. Муваффақиятли дастур ва стратегиялар туфайли замонавий Ҳиндистон барча соҳаларда оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, бу қарор Ҳиндистон Бош вазирининг икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшаётган беқиёс ҳиссаси учун Ўзбекистон халқи ва давлатининг юксак эҳтироми ифодаси эканини айтиб ўтди.
Ушбу тарихий ташриф ва ўтказилган сермаҳсул музокаралар натижасида дўст мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришга эришилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар янги сифат босқичига олиб чиқилгани мамнуният билан қайд этилди.
Мазкур мукофот икки халқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришига ишонч билдирилди.
– Умумий интилиш ва ҳаракатларимиз билан кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларимиз келгусида ҳам жадал ривожланиб боришига аминман, – деди Президентимиз.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Улар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган.
Жумладан:
– Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича қўшма баёнот;
– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури;
– Аюрведа ва анъанавий тиббиётнинг бошқа йўналишларида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми;
– Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Фаёзтепа ва Қоратепа ҳудудларида археологик тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида баённома;
– Иқтисодий ва молиявий мулоқот тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– 2026-2028 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
– Геология ва минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Архив иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Сушма Свараж номидаги Ташқи алоқалар институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Самарқанд вилояти ва Гужарат штати ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси ушбу сермаҳсул музокаралар давлатларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини қайд этди.
Ҳиндистон жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган ишончли ва салоҳиятли стратегик шерик экани эътироф этилди. Ҳиндистоннинг рақамли технологиялар, дастурий таъминот ва стартаплар соҳасидаги улкан ютуқлари юқори баҳоланди.
Шу сабаб ташрифга жиддий тайёргарлик кўрилди, салмоқли ҳужжатлар тўплами, жумладан, Қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланди.
Икки томонлама муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. Ушбу рақамни 2030 йилга қадар 5 миллиард долларга етказиш режаси белгиланди.
Ташриф доирасида муҳим қўшма инвестиция лойиҳалари портфели ишлаб чиқилди. Бир қатор йирик ҳинд компаниялари билан аниқ келишувларга эришилди.
Мулоқотлар давомида энергетика, нодир минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш учун янги “ўсиш нуқталари” белгилаб олингани маълум қилинди.
Халқаро ва минтақавий майдонларда, жумладан, БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИКС ва Глобал жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида сўз юритилар экан, юртимизда Ҳиндистоннинг 4 та олийгоҳи фаолият кўрсатаётгани ҳамда Лал Баҳодур Шастри ва Маҳатма Ганди номидаги марказлар самарали ишлаётгани эътироф этилди. Шунингдек, 30 кунлик визасиз тартиб ва ҳафтасига 14 марта амалга оширилаётган ҳаво қатновлари туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини билдириб, ҳиндистонлик ҳамкасби ва барча иштирокчиларга миннатдорлик изҳор этди.
Ўзбекистон – Ҳиндистон олий даражадаги музокаралари якунлангач, биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экдилар.
Маросим мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларида янги босқич бошлангани ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилишнинг рамзи бўлди.
Шу куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон йога федерацияси томонидан ташкил этилган махсус тадбирда қатнашди.
Ҳиндистон ҳукумати раҳбари ташрифи муносабати билан мажмуа медиаэкранида Ўзбекистон спорт жамоатчилиги номидан расмий табрик намойиш этилди.
Ташриф давомида Бош вазир ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар йога билан шуғулланувчи ўзбекистонлик усталар чиқишини кузатди. Дастур Ўзбекистон ёшлари ўртасида ушбу қадимий санъат тобора оммалашаётгани ва ривожланиш даражаси юқори эканини яққол намоён этди.
Меҳмонга Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, 2026 йил июнь ойида Аҳмадобод шаҳрида бўлиб ўтган I Жаҳон йогасана чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятли иштироки ҳақида видеоматериаллар намойиш этилди.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди таниқли ҳинд давлат арбоби Лал Баҳодур Шастри ёдгорлиги пойига гул қўйди.
Маълумки, юртимизнинг кўп асрлик бой тарихи ва дипломатик алоқалари негизида Ҳиндистон билан муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги янги даврда сиёсий мулоқот, маданий-гуманитар алмашинув ҳамда кўп қиррали иқтисодий алоқалар билан янада бойимоқда.
Мустаҳкам дўстлик ва тарихий хотиранинг ёрқин тимсолларидан бири эса Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Лал Баҳодур Шастри кўчаси ва унинг мемориал мажмуасидир.
Ушбу мемориал мажмуа ва Лал Баҳодур Шастри кўчаси Ўзбекистонга ташриф буюрадиган Ҳиндистоннинг юқори мартабали делегациялари, дипломатлар ва меҳмонлар ҳурмат бажо келтирадиган, икки халқ ўртасидаги самимий дўстлик ва тинчликсеварлик рамзига айланган бебаҳо зиёратгоҳдир.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Лал Баҳодур Шастри хотираси ҳамда унинг Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ҳурмат бажо келтирди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети қошида Маҳатма Ганди номидаги ҳиндшунослик илмий-тадқиқот маркази фаолият юритади.
Давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ушбу маказда бўлди.
Ташриф давомида марказнинг Ҳиндистон тарихи, фалсафаси, тили ва ижтимоий-сиёсий тафаккурини ўрганиш борасидаги фаолияти таништирилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, бу ерда фаолият юритаётган “Hindi Speaking Club” талабаларнинг ҳинд тилида эркин мулоқот қилиши, мунозаралар олиб бориши ва амалий кўникмаларини бойитишида муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, марказда мунтазам равишда халқаро конференция, семинар ва хорижий олимларнинг маърузалари ташкил этилиб, икки давлат олий таълим ҳамда илмий муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани қайд этилди.
Ҳиндистон делегацияси Ўзбекистонда ҳинд тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори эканини эътироф этди. Бу каби даргоҳлар икки халқ ўртасидаги тарихий ва маънавий кўприкни янада мустаҳкамлаш ҳамда академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди. Мулоқот якунида эса профессор-ўқитувчилар, ҳиндшунос олим ва тадқиқотчилар ҳамда талабалар билан суратга тушди.
Шу билан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА мухбирлари