Ўзбекистон - Грузия муносабатининг янги саҳифаси
Бугунги дунё сиёсати ва иқтисодиётида географик масофа аввалгидек тўсиқ эмас. Аксинча, транспорт йўлаклари, рақамли технология, савдо занжири ва инсонлар ўртасидаги мулоқот давлатларни янгича мазмунда яқинлаштирмоқда. Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон ва Жанубий Кавказнинг стратегик дарвозаси ҳисобланган Грузия ҳам шундай тарихий босқичга қадам қўймоқда.
Бир қарашда тоғлар, денгизлар, транзит ҳудудлар ва минглаб километр масофа ажратиб турган бу икки мамлакатни, чуқурроқ назар ташланса, қадимий савдо йўли, ўзаро ҳурмат, минтақалар аро боғлиқлик, иқтисодий манфаат ва келажакка муштарак интилиш бирлаштириб туради.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дипломатик муносабат 1994 йил 19 августда ўрнатилган. 1995 йил алоқаларнинг муҳим ҳуқуқий таянчи – Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Шундан буён ўзаро муносабат турли босқичдан ўтди: аввалига сиёсий эътироф ва дипломатия устувор бўлган, кейинчалик савдо, транспорт, туризм, маданият ва инвестиция муҳим ўрин эгаллай бошлади. Бугунги кунда эса айни жараён Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғловчи амалий ҳамкорлик моделига айланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз очиқлик, иқтисодий дипломатия ва минтақалар аро боғлиқлик тамойилига таянган фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Шу маънода Грузия биз учун Европа, Қора денгиз ҳавзаси ва Кавказ йўналишидаги табиий ҳамкорлик майдонидир. Қолаверса, Европа бозорига чиқиш, Транскаспий халқаро транспорт йўлагидан самарали фойдаланиш, туризм ва хизмат иқтисодиётини ривожлантириш йўлидаги муҳим шерик.
Ишончга асосланган сиёсий мулоқотнинг амалий ҳамкорлик натижалари
Давлатлар ўртасидаги ҳар қандай иқтисодий ёки маданий лойиҳа аввало сиёсий ирода ва барқарор мулоқотга таянади. Сўнгги йилларда Тошкент ва Тбилиси ўртасидаги учрашувлар, ташқи ишлар вазирликлари даражасидаги маслаҳатлашув, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари ва парламентлараро алоқалар мавжуд ишончнинг институционал асосини мустаҳкамламоқда.
Президентимизнинг Грузияга давлат ташрифи эса икки томонлама муносабат тарихидаги алоҳида саҳифа сифатида баҳоланмоқда. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Тбилисида олий даражадаги музокарадан ташқари парламентлараро ва ҳудудлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинув, саноат, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги, туризм, энергетика, ахборот технолгиялари ва транспорт-логистика йўналишлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Ташриф якунида турли соҳаларни қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланади.
Айни жиҳат ўзаро муносабатнинг бугунги руҳини ифодалайди: мулоқот умумий баёнотлар доирасида қолиб кетмаяпти, балки аниқ йўналишлар, лойиҳалар ва иқтисодий натижага йўналтирилмоқда. Сиёсий яқинлик савдо ҳажми, транспорт йўлаклари, одамлар ва бизнес алоқаларида акс этмоқда. Шу тариқа дипломатия ҳаётий иқтисодиёт билан туташмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатини кўрсатаётганига эътибор қаратиш керак. 1995 йил имзоланган Эркин савдо битими бу борадаги муҳим ҳуқуқий асослардан биридир. Бугунги кунда ушбу ҳужжатдан янада самарали фойдаланиш, ўзаро савдода маҳсулот рўйхати, экспорт ва импорт таркибини диверсификация қилиш иқтисодий кун тартибининг асосий масаласига айланган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2017-2024 йилларда савдо айланмаси 3,7 баробар ошиб, 89,1 миллион доллардан 325,7 миллион долларга етган. 2024 йилнинг ўзида бу миқдор 46,5 фоиз ўсган. Ўзбекистоннинг Грузияга экспортида саноат маҳсулотлари, мис сим, металл ижараси, электротехника маҳсулотлари, озиқ-овқат, дуккакли экинлар, мева, тамаки, кимё маҳсулотлари ва транспорт хизмати муҳим ўрин эгаллаган. Грузиядан Ўзбекистонга импорт таркибида эса фармацевтика маҳсулотлари, озиқ-овқат, ёнғоқ, минерал сув, тиббий ускуна, савдо ва IT хизмати етакчи.
Табиийки, ҳозирги рақамлар икки мамлакат салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. Ўтган мавсум якунида 268 миллион доллар атрофида бўлган йиллик савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш режаси илгари сурилмоқда. Бу мақсад шунчаки рақам ортидан қувиш эмас, балки ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш, савдо таркиби ва қўшма ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, бошқа мамлакатлар бозорига биргаликда чиқиш ниятини англатади.
Транспорт-логистика тизими ривожи: Қора денгиз сари йўл
Маълумки, Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмас. Шу боис ташқи савдо стратегиясида транспорт йўлаклари ҳаётий аҳамият касб этади. Грузиянинг географик жойлашувидан фойдаланиб биз Жанубий Кавказ орқали Қора денгиз портлари, Туркия ва Европа бозорига чиқа оламиз. Бу муҳим геоиқтисодий омил.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун беқиёс аҳамият касб эта бошлаган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги Хитой ва Марказий Осиёдан Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали Европага йўл очади. Ўзбекистон учун ушбу йўналиш экспорт географиясини кенгайтириш, логистика харажатини мувофиқлаштириш, етказиб бериш муддатини қисқартириш ва савдо хавфсизлигини таъминлаш воситасидир. Грузия эса ушбу занжирда Қора денгиз дарвозаси, портлар, эркин саноат ҳудудлари ва транзит инфратузилмаси билан табиий ҳамкор сифатида майдонга чиқади.
Тбилисида ўтказилган Ўзбекистон – Грузия бизнес-форумида транспорт ва логистика ҳамкорликнинг асосий шарти сифатида белгиланди. Поти эркин саноат зонасида савдо-логистика ва ишлаб чиқариш хаби ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Бундай марказ экспортимиз учун Қора денгиз бўйидаги таянч инфратузилма вазифасини ўтайди, маҳсулотни сақлаш, қайта қадоқлаш, сертификатлаш, тарқатиш, шунингдек Европа бозорига чиқишда муҳим ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Грузия шериклиги бугун нафақат икки давлат алоқалари, балки “Марказий Осиё + Жанубий Кавказ” минтақавий ҳамкорлигининг истиқболли шакли сифатида ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Агар сиёсий мулоқот, иқтисодий манфаат, транспорт боғлиқлиги ва халқлар ўртасидаги дўстлик уйғун давом этса, яқин йилларда Тошкент ва Тбилиси ўртасидаги масофа харитада узоқ кўринса-да, иқтисодиёт, инсоний муносабатлар нуқтаи назаридан жуда яқинлашади. Энг муҳими, бу ришта икки халқ фаровонлиги, янги иш ўринлари, кенг бозор, кучли минтақавий алоқа ва барқарор келажак учун хизмат қилади.
Адҳам Мамажонов,
ТДШУ ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари
ривожланишини тадқиқ этиш илмий таҳлил маркази директори