Ўзбекистон-Германия: таълимдаги ҳамкорлик
Германия ҳамкорлик лойиҳаси доирасида мактабга замонавий техник жиҳозлар ва ўқув қўлланмалари етказиб берилди.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактаби ZFA –Германиянинг хориждаги немис тилини ўрганаётган мактабларни қўллаб-қувватлаш ташкилоти ҳамкорлик лойиҳаси аъзоси саналади.

Лойиҳа доирасида ҳар йили мактаб ўқитувчилари пойтахтимиз ва Германияда малака ошириб қайтади. Шунингдек, германиялик мутахассислар томонидан мактабда турли семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилади.

Куни кеча ZFA томонидан яна бир ташаббус амалга оширилди. Мактабга замонавий ноутбук, овоз кучайтиргич, нусха кўчирувчи каби аппаратлар, жами 1000 евро миқдоридаги қўлланма ва луғат китоблари, кўргазмали қуроллар етказиб берилди.

Бу мактабда немис тилини ўқитиш сифатини ошириш ва фан ўқитувчиларини методик қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири