Ўзбекистон – Германия: ишонч, шериклик ва умумий келажак сари
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига ўттиз йилдан ошди. Шу давр мобайнида икки томонлама алоқа сиёсий мулоқот шаклланишидан тортиб иқтисодиёт, хавфсизлик, таълим ва барқарор ривожланиш каби деярли барча муҳим йўналишларни қамраб олган кўп қиррали стратегик шериклик даражасигача ривожланди.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим ҳамкори, республикамиз Берлин томонидан Марказий Осиёнинг таянч давлатларидан бири, минтақадаги истиқболли ҳамкор сифатида эътироф этилади.
Йил сайин ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётган ушбу муносабатлар хусусида ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси докторанти Чарос Жуманазарова билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон – Германия муносабатининг бугунги ҳолатига қандай баҳо берасиз?
– Германия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қатори 1991 йил 31 декабрь куни тан олган. Орадан кўп ўтмай, 1992 йил 6 мартда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат расман ўрнатилди. Бу эса ўзаро ҳурмат, тенглик ва миллий манфаатни ҳисобга олиш тамойилига асосланган янги ҳамкорликка йўл очди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё бўйича ташқи сиёсатида алоҳида ўрин эгаллади. Минтақанинг энг йирик демографик салоҳиятга эга давлати ва Евросиёнинг муҳим транспорт йўллари чорраҳасида жойлашган мамлакат сифатида Ўзбекистон Германия дипломатияси ва бизнес доираларида жиддий қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон учун эса Германия халқаро ҳамжамиятга интеграциялашув ва Европа Иттифоқи билан алоқани ривожлантиришда муҳим ҳамкорлардан бирига айланди.
Икки томонлама муносабат мустаҳкамланишида олий даражали мунтазам сиёсий мулоқот муҳим ўрин тутди. Йиллар давомида давлат раҳбарларининг кўплаб ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Шу тариқа ўнлаб ҳукуматлар ва идоралар аро битимларни бирлаштирган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шаклланди.
– Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва Германия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштирокига ҳам тўхталсангиз.
– Иқтисодиёт шерикликнинг энг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. ГФР ЕИ давлатлари орасида энг йирик савдо ҳамкоримиздир. Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб, ўзаро инвестиция кўлами кенгаймоқда, қўшма корхоналар сони ортмоқда.
Хусусан, “Siemens”, “MAN Energy Solutions”, “CLAAS”, “Knauf”, “BASF”, “Deutsche Bahn Engineering & Consulting”, “Papenburg AG” каби йирик олмон компаниялари юртимизда турли лойиҳалари амалга оширмоқда. Ушбу корхоналар фаолияти замонавий технология трансфери ва янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий саноат рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашмоқда.
Немис компанияларининг республикамиз саноати салоҳиятини юзага чиқаришдаги иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Германия технологияси ва бошқарув тажрибаси замонавий ишлаб чиқариш стандартини жорий этиш, маҳаллий маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт имкониятини кенгайтиришга хизмат қиляпти. Шу билан бирга Ўзбекистон ҳамкор инвесторларга жадал ривожланаётган бозор шароитида узоқ муддатли лойиҳаларни илгари суриш учун кенг имконият яратмоқда.
– Таълим ва илм-фан соҳасида қандай қўшма дастурлар амалга ошириляпти?
– Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат муносабатининг муваффақиятли йўналиши ҳисобланади. Германия анъанавий равишда Ўзбекистон билан гуманитар алоқани ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келади. Бугунги кунда минглаб ёшларимиз немис тилини ўрганмоқда, турли таълим дастурлари эса ёш мутахассисларга етакчи олмон олий таълим муассасаларида билим олиб, амалий тажриба орттирмоқда.
Илмий ва академик ҳамкорликни ривожлантиришда Германия академик алмашинув хизмати ((DAAD), Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт жамғармалари ҳамда ГФР халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) муҳим ўрин эгаллаган. Бу жамоалар стипендия дастури, илмий грант, малака ошириш курси, қўшма тадқиқот кўринишидаги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда юзлаб ўзбекистонлик талаба Германиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Натижада университетлар ўртасидаги алоқа мустаҳкамланиб, қўшма илмий тадқиқот, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви жадаллашган.
Касб-ҳунар таълими соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Германия малакали мутахассислар тайёрлашга оид энг самарали дуал таълим тизимига эга. Айни тажриба ўлкамизда касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштиришда фаол қўлланмоқда. Бу жараён саноат тез ривожланиши ва янги авлод мутахассисларини тайёрлаш эҳтиёжи нуқтаи назаридан жуда муҳим.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши ривожланишга кўмаклашиш соҳасидир. Олмон ташкилотлари кўп йилдан буён мамлакатимизда йўлга қўйилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, GIZ ва Германия тараққиёт банки (KfW) соғлиқни сақлаш, сув ресурсларини бошқариш, қувват самарадорлиги, экология, қишлоқ хўжалиги, хусусий секторни ривожлантириш ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича ўнлаб ташаббусларни илгари сурган.
Сўнгги йилларда “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш йўналишидаги шериклик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Германия қайта тикланувчи энергия ва экология технологияси бўйича етакчи давлатлардан саналади. Экологик жиҳатдан барқарор ривожланиш йўлига ўтишни мақсад қилган Ўзбекистон учун ГФР тажрибаси ва технологияси жуда муҳим. Шу боис томонлар қуёш ва шамол энергетикаси, сув тежовчи технология, самарадорликни ошириш бўйича ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.
– Германия Ўзбекистоннинг қайси соҳалардаги ислоҳотларини қўллаб-қувватламоқда?
– Сўнгги йилларда ҳамкорлигимиз тобора кенг, минтақавий ва халқаро миқёсда кўриб чиқиляпти. Германия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатини мустаҳкамлаш, минтақавий боғлиқликни ривожлантириш ва қўшма иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ маъқулламоқда. Берлин Тошкентни ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясини амалга ошириш учун асосий ҳамкор сифатида кўради.
Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, яшил энергетика, муҳим хом ашё ресурслари, логистика ва минтақавий хавфсизлик бугунги кунда ўзаро мулоқотнинг устувор йўналишларидир. Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича прагматик ва самарали сиёсати, минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари Германия томонидан юқори баҳоланмоқда.
Глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар, янги логистика йўналишлари шаклланиши ва Марказий Осиё геоиқтисодий аҳамияти ортиб бориши икки давлат учун янги имкониятлар очмоқда. Хусусан, транспорт-коммуникация лойиҳалари, иқтисодиётни рақамлаштириш, саноат кооперацияси, инновация, сунъий интеллект ва юқори технология истиқболи қизиқарли.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия муносабати узоқ муддатли умумий манфаат ва ўзаро ишончга асосланган муваффақиятли ҳамкорлик намунаси сифатида намоён бўлмоқда. Ўтган йиллар давомида алоқаларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Эришилган сиёсий мулоқот даражаси ва иқтисодий ҳамкорлик кўлами эса стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш учун улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатмоқда.
– Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболи ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги жадал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон ва Германия конструктив мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликнинг янги шаклларини излашга тайёрлигини намоён этмоқда. Шу боис бугунги кунда муносабатларимиз нафақат икки томонлама алоқаларнинг муҳим омили, балки Марказий Осиё ва Европа ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик кўприк сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса ўзаро манфаатли шериклик келгусида янада юқори босқичга кўтарилишидан далолат.
Муносабатларнинг янги босқичида “Марказий Осиё – Германия” (C5+1) мулоқот формати алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу платформанинг 2023 йил Берлин шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамда Германия Канцлери иштирок этди. Анжуман якунида стратегик минтақавий шерикликни ривожлантириш, савдо ва инвестиция кўламини кенгайтириш, транспорт-коммуникация боғлиқлигини мустаҳкамлаш, яшил энергетика, рақамлаштириш ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур форматнинг иккинчи саммити 2024 йил Остона шаҳрида ўтказилиб, турли соҳаларда икки ва кўп томонлама шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Юқори технология, СИ, саноат кооперацияси, яшил энергетика, муҳим минерал ресурслар, транспорт-логистика инфратузилмаси, профессионал таълим ва илмий инновация келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган. Мавжуд алоқаларни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга олий даражали мулоқотлар эса Германия билан стратегик шериклик келгуси йилларда янада чуқурлашиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.