“Ўзбекгидроэнерго” ва “China Huaneng Group” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда энергетика соҳасини диверсификация қилиш, айниқса қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишда гидроэнергетика тармоғини модернизация қилиш ва унинг қувватларини кенгайтириш стратегик аҳамият касб этади.
Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш эса соҳага замонавий технологиялар ва илғор муҳандислик ечимларини жалб этиш имконини бермоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган учрашув ҳам айнан ана шу йўналишдаги амалий қадамлардан бири бўлди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Хитойнинг йирик энергетика корпорацияларидан бири - “China Huaneng Group” ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов ушбу ҳамкорликнинг мазмун-моҳияти ва стратегик аҳамияти ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади.

– Мазкур келишувдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида белгиланган йирик гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш, соҳани ривожлантиришни жадаллаштириш ҳамда амалий вазифаларни самарали бажаришдан иборат. Шу орқали биз мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, замонавий технологиялар ва халқаро тажрибани кенг жорий этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, бу ҳамкорлик нафақат йирик лойиҳаларни амалга ошириш, балки соҳага илғор бошқарув тажрибаси, инновацион ёндашувлар ва узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш имконини ҳам яратади, – деди у.
Хитой томони вакиллари ҳам Ўзбекистонда энергетика соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатнинг гидроэнергетика йўналишидаги истиқболларига катта қизиқиш билдирди. Улар икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини таъкидлади.

Музокаралар давомида йирик гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий муҳандислик ечимларини жорий этиш ва халқаро стандартлар асосида соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айтиш жоизки, ушбу меморандум Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасининг барқарор ривожланиши, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги стратегик босқичга олиб чиқишга кенг йўл очади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА