Ўзбекистон-Германия: давлат кўчмас мулкини бошқариш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Германия Федерал кўчмас мулк институти (BImA), Германия Федерал Молия вазирлиги, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда “Indecon Consulting” вакиллари иштирокида давлат кўчмас мулкини бошқариш масалаларига бағишланган онлайн семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат кўчмас мулкини бошқариш соҳасида Германия тажрибасини ўрганиш, замонавий бошқарув механизмлари ва амалий ёндашувлар бўйича ўзаро тажриба алмашишга эътибор қаратилди.
Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов, Германия Федерал Молия вазирлиги бўлими бошлиғи Клас Кристина, Германия Федерал Молия вазирлигининг давлат улушларини бошқариш масалалари бўйича маслаҳат бўлими раҳбари Роми Штрекер ва бошқалар сўзга чиқиб, давлат активларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва амалий тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади.
Агентлик директори Соҳибжон Муродовнинг сўзларига кўра, Германия давлат мулкини бошқариш соҳасида узоқ йиллик ва тизимли тажрибага эга. BImA’нинг институционал тузилмаси, мулкни баҳолаш, сотиш ва ижарага беришдаги шаффоф механизмлари биз учун қимматли тажриба манбаидир.
Германия тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонда давлат активларини бошқариш тизимини замонавий, рақамли ва шаффоф механизмлар асосида такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
–Икки мамлакат ўртасида давлат активларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик 2009 йилда бошланган. Ўтган даврда германиялик ҳамкорларнинг экспертлик ва техник кўмаги асосида давлат мулкини бошқариш, корпоратив бошқарув ва соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг илк Корпоратив бошқарув кодекси Германия томонининг техник кўмагида ишлаб чиқилди. Айни пайтда кодекснинг янги таҳрири ҳам германиялик ҳамкорлар билан биргаликда тайёрланмоқда.
Шунингдек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, ҳозирда Ҳукумат томонидан кўриб чиқилмоқда. Кадрлар салоҳиятини ошириш доирасида семинар ва тренинглар, GIZ билан ҳамкорликда эса Германияга амалий ташрифлар ташкил этилиб, давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш бўйича илғор тажриба ўрганилди, – деди С.Муродов.
Тадбирда Германияда давлат кўчмас мулкини бошқаришнинг институционал ва амалий механизмларини ўрганишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда семинарда BImA’нинг давлат кўчмас мулкини марказлашган ҳолда бошқаришдаги ўрни ва фаолияти, шунингдек, ушбу соҳада қўлланилаётган замонавий ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, федерал давлат кўчмас мулкини бошқариш тизими, объектлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқарув жараёнларини рақамлаштириш бўйича амалий тажриба тақдим этилди. Шунингдек, давлат кўчмас мулки объектларини марказлашган бошқарувга ўтказиш, активларнинг рақамли реестрларини юритиш, фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулкини иқтисодий муомалага жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-31114]
– Бугунги кунда Ўзбекистон давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва хусусийлаштириш соҳасида жадал ислоҳотларни амалга оширмоқда. Давлат мулкини янада самарали бошқариш, хусусий секторнинг ролини кенгайтириш ҳамда активлар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий этиш борасида изчил қадамлар ташланмоқда. Биз учун Германия тажрибаси билан ўртоқлашиш баробарида мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар билан яқиндан танишиш ҳам муҳим, – деди Германия Федерал Молия вазирлиги бўлими бошлиғи Клас Кристина.
Германия Федерал Молия вазирлигининг давлат улушларини бошқариш масалалари бўйича маслаҳат бўлими раҳбари Роми Штрекер ҳам Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, 2009 йилдан буён давом этиб келаётган ҳамкорлик 2023 йилда имзоланган янги меморандум билан янада мустаҳкамланган.
Семинарда, шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасида давлат активларини бошқариш соҳасидаги кўп йиллик ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, давлат кўчмас мулкини бошқариш бўйича тажриба алмашинувини уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
Биринчи босқичда Агентлик мутахассислари учун онлайн ўқув семинарларини ташкил этиш, иккинчи босқичда немис экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, учинчи босқичда эса Агентлик делегациясининг Германияга амалий ташрифини ташкил этиб, BImA фаолияти ва давлат кўчмас мулкини бошқариш механизмларини бевосита ўрганиш кўзда тутилган.
Семинар якунида иштирокчилар давлат кўчмас мулкини бошқариш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш, уни Ўзбекистон шароитида самарали қўллаш имкониятлари, шунингдек, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, мазкур тадбир давлат активлари, хусусан, давлат кўчмас мулкини бошқариш самарадорлигини янада ошириш, илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини миллий амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА