Халқаро инвестиция форуми старт олди
Гулистон шаҳрида “Сирдарёда бизнес қилинг!” халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. 27–28 август кунлари давом этаётган мазкур йирик тадбир Сирдарё вилоятининг инвестициявий салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига намойиш этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва аниқ келишувларга эришиш учун муҳим мулоқот майдонига айланмоқда.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда 700 нафардан ортиқ иштирокчи — 20 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин хорижий инвестор, 300 нафардан зиёд маҳаллий тадбиркор, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда 10 та ҳамкор ҳудуд делегациялари иштирок этишмоқда.
Тадбирнинг дастлабки қисмида вилоятнинг инвестициявий имкониятлари, истиқболли лойиҳалари ва экспорт салоҳияти тақдим этилди. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, ахборот технологиялари, транспорт-логистика ва туризм каби йўналишлар хорижий инвесторлар эътиборига ҳавола қилинди.
[gallery-31104]
Форумнинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокчиларни қутлаб, бугунги мулоқот оддий тақдимотлар билан чекланиб қолмаслиги, балки янги лойиҳалар ва амалий ҳамкорликларга йўл очиши зарурлигини таъкидлади.
— Бугун биз Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида “Сирдарёда бизнес қилинг!” инвестиция форумида учрашиб турибмиз. Бу нафақат ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, балки келажак тараққиётининг янги саҳифасини биргаликда ёзиш йўлида муҳим қадамдир, — деди вилоят раҳбари.
У хорижий инвесторлар, дипломатик ваколатхоналар, қўшни ҳудудлар ва давлат ташкилотлари вакилларининг Сирдарёга ташрифини ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг муҳим ифодаси сифатида қайд этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш учун янги имкониятлар очмоқда. 2025 йил якунига кўра, мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга, ялпи ички маҳсулот 145 миллиард доллардан, экспорт ҳажми эса 33,4 миллиард доллардан ошган.
2026 йилда иқтисодий ўсиш суръатларини юқори даражада сақлаб қолиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 180 миллиард доллар, экспортни эса 40 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Сирдарё вилоятида ҳам инвестициявий фаоллик йил сайин ортиб бормоқда. Сўнгги 10 йилда вилоят иқтисодиётига 8 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, шундан 2,5 миллиард доллардан ортиғи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда эса хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Саноат зоналаридаги фаоллик ҳам ушбу жараённинг муҳим кўрсаткичларидан бири. Сўнгги даврда қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 30 та инвестиция лойиҳаси 420 гектар майдонга жойлаштирилди.
Бу рақамлар замирида янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ва минглаб янги иш ўринларини яратиш имкониятлари мужассам. Шу боис форумда Сирдарёнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятини аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантириш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Форумда мамлакатда бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар натижалари ҳам қайд этилди. Жумладан, тадбиркорлар учун маъмурий юкни камайтириш, айрим ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини бекор қилиш ва уларни рақамлаштириш, кичик бизнес учун текширувларга мораторий жорий этиш, қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегарасини 5 миллиард сўмга ошириш каби чоралар янги имкониятларни кенгайтирмоқда.
Хорижий меҳмонлар иштирокидаги мулоқотлар ҳам форумнинг муҳим қисми бўлди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь видео мурожаат йўллаган бўлса, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қасимов, Хитойнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес уюшмаси раиси Ли Ченгуанг, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев, “Новуген Фарм” компанияси раҳбари Жавид Хан ҳамда Чжэцзян тадбиркорлари уюшмаси раиси Сюй Ичао каби хорижий ва маҳаллий бизнес вакиллари ўз фикрларини билдиришди.
Қизиғи, ўтган йилги форумда меҳмон сифатида иштирок этган айрим инвесторлар бу йил Сирдарёга яна қайтиб, энди мезбон инвестор сифатида қатнашмоқда. “Лянхэ Грейд Агро”, “Тавсид Женерал”, “Вузонг Энержи”, “ФМ Ворлд”, “Лессо”, “ОТР Груп” каби компаниялар вакилларининг иштироки ҳам ҳамкорликнинг бир марталик тадбир эмас, балки изчил жараёнга айланаётганидан далолат беради.
Форум доирасидаги В2В ва В2G учрашувлари эса ушбу мулоқотларни аниқ натижаларга йўналтирмоқда. Инвесторлар, тадбиркорлар ва давлат органлари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилди.
— Бугун Гулистон шаҳрида ўтказилаётган “Сирдарёда бизнес қилинг!” халқаро инвестиция форуми доирасида 10 дан ортиқ хорижий инвестор билан музокаралар ўтказиб, қатор келишувларга эришдик. Хусусан, Хитой ва Афғонистондан ташриф буюрган инвесторлар билан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки музокаралар олиб борилди. Сайхунобод туманида чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, чорва учун озуқа ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Энг муҳими, бу келишувлар қоғозда қолиб кетмасдан, амалий лойиҳаларга айланиши керак. Ҳар бир янги инвестиция — янги иш ўрни, янги маҳсулот ва қўшимча солиқ тушуми демакдир. Лойиҳалар босқичма-босқич ишга туширилиши билан туманнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошади, маҳаллий маҳсулотлар тури кенгаяди ва уларни нафақат ички, балки ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятлари ҳам ортади, — дейди форумда иштирок этган Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов.
— Сайхунобод туманида ички туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 7 миллион доллар бўлган дарё бўйидаги дам олиш маскани лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Ҳозирда қурилиш ишлари 75–80 фоизга якунланган бўлиб, объектни декабрь ойига қадар ишга туширишни режалаштирганмиз. Бунинг натижасида 100 та янги иш ўрни яратилади.
Қолаверса, ушбу дарё бўйидаги дам олиш зонасида Дубай ва Туркиянинг денгиз соҳилларидаги каби замонавий ва қулай дам олиш муҳитини яратмоқчимиз. Бу эса нафақат ички туризмни ривожлантиришга, балки Сайхунободдаги дарё бўйи дам олиш масканига ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.
Бугунги форум доирасида паррандачилик йўналишида, яъни парранда маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳам туман ҳокимлиги билан қўшимча келишувга эришдик. Бу лойиҳа келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий маҳсулотларни қайта ишлаш даражасини юксалтиришга хизмат қилади, — дейди афғонистонлик инвестор Шамсулҳақ Абдураззоқ.
Форумдаги В2В ва В2G учрашувлари Гулистон тумани учун ҳам самарали бўлди. Хусусан, туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйишга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди.
— 27–28 август кунлари Сирдарёда ўтказилаётган “Сирдарёда бизнес қилинг!” халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган В2В ва В2G учрашувларида Гулистон тумани учун муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, Афғонистонлик инвесторлар билан қиймати 10 миллион доллар бўлган меморандум имзоланди. Унга кўра, Гулистон туманидан Афғонистонга цемент маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилади. Маҳсулот Ангрен шаҳридаги “Оҳангарон цемент” корхонасидан харид қилиниб, ташқи бозорга етказиб берилади.
Шунингдек, Хитойлик инвесторлар билан тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 5,5 миллион долларлик меморандум имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида 3 гектар ер майдони аукцион орқали ажратилган бўлиб, бу ерда тамаки етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнини йўлга қўйиш режалаштирилган. Айни пайтда лойиҳани амалга ошириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Умуман, форум доирасидаги бундай келишувлар Гулистон туманининг экспорт салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини ташкил этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим қадам бўлмоқда.
Энг муҳими, бугун имзоланаётган меморандумлар келгусида аниқ инвестиция лойиҳаларига айланиб, туманда янги иш ўринлари яратилиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига хизмат қилади, — дейди Гулистон тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Алижон Эргашев.
Форумнинг яна бир диққатга сазовор қисми — саноат ярмаркаси. Унда Сирдарёда фаолият юритаётган хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш этди. Ярмарка меҳмонларга нафақат тайёр маҳсулотларни кўриш, балки вилоятда шаклланган ишлаб чиқариш занжири, маҳаллийлаштириш имкониятлари ва экспорт салоҳияти билан танишиш имконини берди.
Бир қарашда ярмарка оддий маҳсулотлар кўргазмасидек туюлиши мумкин. Аслида эса унда Сирдарёнинг иқтисодий қиёфаси намоён бўлди. Бир томонда — бугун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, иккинчи томонда эса — уларни янги бозорларга олиб чиқиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун изланаётган ҳамкорлар.
Ярмаркадаги ҳар бир маҳсулот ортида муайян корхона, технология, меҳнат ва бозор бор. Шу маънода, бу ерда намойиш этилган маҳсулотлар Сирдарёнинг бугунги ишлаб чиқариш имкониятларини кўрсатса, уларга қизиқиш билдирган инвесторлар эса келгуси ўсиш нуқталарини белгилаб бермоқда.
Форумнинг иқтисодий дастури маданий тадбирлар билан уйғунлаштирилгани ҳам эътиборга молик. Хорижий меҳмонлар учун “Қовун сайли” ва “Этно-фольклор” фестиваллари ташкил қилиниб, Сирдарёнинг миллий қадриятлари, ҳунармандчилиги ва маҳаллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Шунингдек, инвесторларни саноат зоналари, ишлаб чиқариш корхоналари ва истиқболли лойиҳалар билан таништириш мақсадида ҳудудларга ташрифлар уюштирилмоқда.
Бу эса форум мазмунини янада кенгайтиради. Чунки инвестор учун ҳудуднинг фақат рақамлари эмас, балки унинг инфратузилмаси, меҳнат ресурслари, логистика имкониятлари, ишлаб чиқариш муҳити, маҳаллий маҳсулотлари ва инсон капитали ҳам муҳим.
Шу нуқтаи назардан, “Сирдарёда бизнес қилинг!” форумини вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этадиган навбатдаги тадбир сифатидагина эмас, балки инвестицияларни реал иқтисодий лойиҳаларга айлантиришга қаратилган амалий мулоқот майдони сифатида баҳолаш мумкин.
Зеро, инвестиция форумининг самараси саҳнада айтилган сўзлар, тақдимотлар ёки имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки уларнинг кейинги тақдири билан ўлчанади. Қурилган корхона, ишга тушган ишлаб чиқариш қуввати, яратилган янги иш ўрни, ўзлаштирилган технология ва ташқи бозорга чиқарилган маҳсулот — ана шулар форумнинг энг муҳим натижаси бўлади.
Сирдарё бугун ана шу натижалар учун имкониятларини очиб бермоқда. Энди асосий вазифа — форумда билдирилган ташаббус ва келишувларни изчил давом эттириш, инвесторларга зарур шароитларни яратиш ва ҳар бир лойиҳанинг қоғозда эмас, амалда ўз самарасини кўрсатишини таъминлашдир.
Чунки ҳар бир янги инвестиция — фақат сармоя эмас. У янги корхона, янги иш ўрни, янги маҳсулот, янги бозор ва ҳудуд иқтисодиёти учун янги ўсиш нуқтасидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат, видео), ЎзА