Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик мулоқоти янада ривожланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “С5+1” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди.
Учрашув аввалида Марко Рубио давлатимиз раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Асосий эътибор Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларига қаратилди.
АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаган “С5+1” форматидаги вазирлар учрашувининг якунлари юқори баҳоланди.
Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновация ва технологиялар, таълим ва маданият каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат парламентлари ва идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ва конструктив мулоқот йўлга қўйилган, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамиятнинг алоқалари кенгаймоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, аввало, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш каби йўналишларда мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Унинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш соҳасидаги “Артемида” битимлари имзоланди.
Иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди. Иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни катта экани таъкидланди. Кенгашнинг бугунги йиғилиши доирасида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Тошкентда Вебстер университети, Америка технологиялар университети ва Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган америкалик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Томонлар амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги истиқболларини ҳам белгилаб олдилар. Стратегик аҳамиятга эга муҳим минераллар, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд.
Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтадиган бўлажак тадбирлар режаси ва уларни мазмунан бойитиш масалалари кўриб чиқилди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горга давлат мукофотларини топширди.
Ўзбекистон Президенти фармонига кўра, Марко Рубио “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Унинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси эътироф этилди. Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини илгари суриш, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари алоҳида таъкидланди.
Сержио Гор эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда стратегик шерикликни кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Унинг сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, икки томонлама келишувларни амалга ошириш, америкалик сармоядорларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматлари эътироф этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди.
Тадбирда Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари ҳам қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари кўп асрлар давомида халқлар, маданиятлар ва савдо йўлларини бирлаштириб келган шаҳар – Самарқандда муҳокама қилинаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, бу, энг аввало, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови туфайли экани қайд этилди.
Мустаҳкам сиёсий шериклик асосида иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бу борада қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришга салмоқли ҳисса қўшаётган Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши алоҳида ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Иқтисодиёт ўсиб бормоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда, иш ўринлари яратилмоқда, ёшлар учун таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда.
Шу билан бирга, саноатни янада ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш учун инвестициялар жалб қилиш жараёни илғор технологияларни жорий этиш, билим ва тажриба алмашиш билан бирга олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.
Бу борада АҚШ бизнеси билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажриба тўплангани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар билан саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон компаниялари ҳам АҚШ иқтисодиётига инвестиция киритишни бошламоқда.
Муҳим минералларни ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий ва барқарор энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда рақамли ечимларни жорий қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди.
Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг бугунги йиғилишига катта тайёргарлик кўрилгани қайд этилди. Натижада умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат тўплам шакллантирилди. Уларни амалга ошириш учун комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади.
Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида куч ва имкониятларни учта устувор вазифани ҳал этишга сафарбар этиш муҳимлиги таъкидланди.
Аввало, АҚШ тадбиркорлари учун тушунарли ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган шарт-шароитларни яратиш зарур. Ўзбекистонга келган сармоядор маъмурий тартиб-таомилларга вақт сарфламасдан, тезда ўз бизнесини бошлаш имкониятига эга бўлиши лозим.
Бу борада инвесторлар билан ишлашда “Plug and Play” тамойилига асосланган янги ёндашувга ўтилаётгани таъкидланди. Уларга ер майдони, инфратузилма, рухсат олиш ва ҳужжатлар расмийлаштириш масалалари ҳал этилган тайёр лойиҳалар таклиф этилади.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам ҳамкор сифатида иштирок этиши ва инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши мумкин. Янги ташкил этилган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ҳам бундай лойиҳаларда иштирок этади.
Кейинги устувор вазифа сифатида иқтисодиётнинг янги тармоқларини ҳамда саноат ва технологиялар жадал ривожланишига хизмат қиладиган йирик марказларни биргаликда шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Кенгаш икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айланиши лозимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Шу билан бирга, кенгаш янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш ва йирик қўшма лойиҳаларни илгари суришда муҳим ўрин тутадиган мулоқот майдонига айланиши лозим.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА махсус мухбирлари