Ўзбекистон фаунасида илгари учрамаган ноёб кўршапалак тури қайд этилди
“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти олимлари ҳамда хорижлик олимлар томонидан мамлакатимиз ҳудудида илгари учрамаган янги кўршапалак тури аниқланди.
Маълумотларга кўра, туркман узунқулоқ кўршапалаги (Plecotus turkmenicus) – Марказий Осиёда тарқалган ўта ноёб ва кам ўрганилган тур ҳисобланади. Илгари у фақат 1970 йилгача бўлган маълумотлар ҳамда музей экспонатлари орқалигина маълум бўлиб, сўнгги 55 йил давомида табиатда деярли учрамаган эди.

Ушбу тадқиқот IUCN (Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи) томонидан амалга оширилаётган, Германия Атроф-муҳит вазирлигининг Халқаро иқлим ташаббуси (IKI) молиялаштирадиган “One Health in Nature Conservation” (Табиатни муҳофаза қилишда “Ягона саломатлик”) лойиҳаси доирасида ташкил этилган экспедиция чоғида амалга оширилди.
М.Қосимова,
ЎзА