Ўзбекистон фарзанди эканимиздан фахрланамиз
Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент Ботаника боғида “Учинчи Ренессанс бунёдкорлари” шиори остида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги маърузасини сурхондарёлик ёшлар ҳам катта қизиқиш билан ўрганмоқда.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирини вилоят йигит-қизлари онлайн томоша қилиб, давлатимиз раҳбарининг маърузасини эътибор билан тинглади. Концерт дастурини томоша қилди. ЎзА мухбири форумда Сурхондарёдан онлайн иштирок этган йигит-қизлар билан суҳбатлашди.
Оятулла Неъматов, Тошкент давлат Шарқшунослик университети халқаро журналистика факультети талабаси:
– Мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлодга қаратилаётган эътибордан ва бизга билдирилаётган юксак ишончдан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзим тоғли Бойсун туманидаги Газа маҳалласида улғайганман. Шу ердаги таълим муассасаларида ўқидим. Журналистикага қизиқиш мени пойтахтга етаклаб борди. Семестрни аъло баҳолар билан якунлаб, уйга қайтган эдим. Ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизда ташкил этилган байрам тадбирини вилоят студиясидан томоша қилиш имкониятига эга бўлдим. Агар ортга назар ташлайдиган бўлсак, бундан саноқли йил олдин ҳам биз, ёшларга бу даражада ғамхўрлик йўқ эди. Мамлакатимизда ёшлар кунини катта байрам сифатида нишонлаётганимизга энди тўрт йил бўлди. Шу йилларда ёшларга оид давлат сиёсати билан боғлиқ асрга татигулик ишлар амалга оширилди.
Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги маърузасини диққат билан тинглар эканман, қисқа йилда ёшларга кўрсатилган ғамхўрликларни бирма-бир кўз олдимдан ўтказдим. Таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни муносиб рағбатлантириш, эҳтиёжманд оилалар ва уларнинг фарзандларига, “Ёшлар дафтари”га киритилган тенгдошларимизга қаратилаётган эътиборнинг ўзи инсонни шошириб қўяди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур форумда биз, ёшларга яна катта ишонч билдириб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда қудратли тўлқин бўлиб, майдонга чиқаётганимизни алоҳида қайд этганларидан ўзгача фахр ҳиссини туйдим. Эндиликда биз ана шундай юксак ишончни оқлаш учун яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйишимиз, ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишимиз керак. Шундай улуғвор мақсадда мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга кадрларни тайёрлаш учун янги олий таълим муассасалари барпо этилаётгани ҳам таҳсинга сазовордир.
Форумда иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган тенгдошларимизни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши, янги ўқув йилидан бошлаб, талабаларнинг таълим кредити муддати узайтирилиб, фоиз ставкалари кескин пасайтирилиши, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига олий таълим муассасасида ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилаётгани ҳам албатта, биз, ёшларни Учинчи Ренессанс бунёдкори сифатида тарбиялашга даъват этади.
Соҳиба САМАДОВА, Қизириқ туманидаги 23- умумтаълим мактаби директори, “Ёшлар парламенти” аъзоси:
– Президентимизнинг форумдаги маърузасини барча тенгдошларим қатори алоҳида иштиёқ билан тингладим. Ёш авлод ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар чуқур таҳлил қилинган маърузада мамлакатимиз ўғил-қизлари учун янги-янги имкониятлар яратилаётгани бизни беҳад қувонтирди. Тинч, осуда ва обод Ўзбекистон фарзанди эканимиздан фахр-ифтихор туйдик.
Педагог бўлганим учун ҳам мактабларга қаратилган эътибор ҳақида қисқача фикр юритишни лозим, деб топдим. Форумда давлатимиз раҳбари мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш ҳақида сўз юритиб, бу тизимни йўлга қўйишнинг бугунги кундаги аҳамиятини кесими билан тушунтириб берди. Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлиши, бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бу тизимнинг самарали ишлаши учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича рўйхат ва дастурни маҳаллий кенгашларда муҳокама этиб, тасдиқлаш ҳамда Парламентимиз палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурди.
Иккинчидан, мактабларда ўқувчиларни компьютердан шунчаки фойдаланувчи эмас, балки ундан даромад топадиган мутахассислар этиб тайёрлаш масаласини ўртага ташлади. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланишини маълум қилиб, республикамиз бўйича қўшимча 5 мингта компьютер синфлари ташкил этилишини қайд этди. Мактабларда ахборот технологиялари дарслари замонавий “Кэмбриж” дастурлари асосида йўлга қўйилиши ҳам ёш авлод учун жуда катта имконият бўлди.
Мамлакатимиз ёшлари учун яратилаётган бу каби шароитлар замирида чуқур маъно бор. Зеро, бугунги глобаллашув даврида ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга чексиз ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим ўрин тутади. Форумда таъкидланганидек, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади.
Холмўмин Маматрайимов ёзиб олди.