Ўзбекистон Фанлар академияси — 80 ёшда!
Жорий йил Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллиги кенг тарзда нишонланмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова иштирокида брифинг ташкил этилди.
Унда маълум қилинишича, академия тизимида 3 та минтақавий бўлим, 3 та музей ва 35 та илмий ташкилот мавжуд. Уларда жами 2,8 минг нафар илмий ходим, шу жумладан 831 нафар фалсафа доктори (PhD) ва 490 нафар фан доктори (DSc) фаолият юритмоқда. Олий таълимдан кейинги таълим соҳасида академия тизимида 933 нафар (шундан 87 нафар докторант, 699 нафар таянч докторант ва 147 нафар стажёр-тадқиқотчи) изланувчи таҳсил олмоқда.
Сўнгги 4 йилда академия изланувчилари томонидан 604 та диссертация ҳимоя қилинди. Академия илмий ташкилотлари томонидан давлат илмий дастурлари доирасида 143 та лойиҳа амалга оширилди.
Академиянинг илмий ташкилотлари томонидан Scopus халқаро маълумотлар базасига кирган журналларда 2 мингдан зиёд мақолалар чоп этилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва соҳаларга жорий этиш орқали 6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлат илмий дастурлари доирасида 28 та фундаментал (94 миллиард сўм), 65 та амалий (112.5 миллиард сўм), 14 та инновацион (19 миллиард сўм) ва 36 та инновацион (24 миллиард сум сўм) халқаро илмий лойиҳа бажарилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА