Ўзбекистoн-Эрон: туризм соҳасидаги ҳамкорлик
Бухоро вилояти делегацияси жорий йилнинг 12 - 15 февраль кунлари Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрида ўтаётган “XVII халқаро туризм ва тегишли саноат кўргазмаси”да иштирок этмоқда.
Музокаралар доирасида вилоят вакиллари Исфаҳон шаҳрининг йирик туристик компаниялари билан учрашди.
Икки давлат ўртасидаги сайёҳлар алмашинуви, уларнинг оқими, иккала шаҳарнинг туризм потенциали, томонларнинг мазкур йўналишидаги ўхшашликлари ва ички сайёҳларнинг маданий туризмга бўлган қизиқишлари муҳокама қилинди.

Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтаётган ”XVII халқаро туризм ва тегишли саноат кўргазмаси”да Бухоро вилояти делегацияси аъзолари очилиш маросимида қатнашиб, B2B ва B2G учрашувлари доирасида бир қатор музокараларда иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ҳамда Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон қўшма савдо палатаси бош котиби Муҳаммад Маъсуди ўртасида бўлиб ўтган учрашувда эронлик инвесторлар Бухородаги туризм ва қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш, шунингдек, логистика ҳамда улар томидан иссиқхона йўналишларига қизиқиш билдирилгани ҳисобга олиниб, бу бўйича келгусида ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.

Шероз вилояти раҳбарияти билан учрашувда икки томонлама туризм йўналишидаги ҳамкорлик ҳамда шаҳарлар биродарлашуви масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Музокаралар мобайнида бир қатор эронлик туризм корхоналари билан келишувларга эришилди.
Эрон сайёҳлик жозибадорлиги бўйича инвесторлар учун ҳам энг қулай бозор ҳисобланади. TITE – халқаро меҳмонхона ва сайёҳлик кўргазмаси бўлиб, у ҳар йили Теҳронда ўтказилади.

ЖСТ маълумотларига кўра, Эрон ўзининг атроф-муҳит шароити бўйича дунёнинг энг жозибадор 5 та давлатидан бири ва тарихий ва маданий диққатга сазовор жойлари бўйича 10 та давлат қаторига киради. Эроннинг қадимий муҳташам ёдгорликлари ҳар йили минглаб сайёҳларни мафтун этади, улар энг ажойиб тарихий обидаларни иштиёқ билан зиёрат қилади ва мафтункор табиатидан 4 фаслда ҳам баҳраманд бўлишади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири