Ўзбекистон - Чехия: маҳаллий ишлаб чиқариш ва инвестициявий ҳамкорлик мустаҳкамланади
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Чехиянинг "ROJEK" компанияси ижрочи директори Людевит Голуб билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий ҳамкорга мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, мавжуд инфратузилма, тақдим этилаётган имтиёзлар, кафолатлар ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, "ROJEK" компанияси 1921 йилда ташкил этилган бўлиб, иситиш тизимлари учун энергия самарадорлиги юқори бўлган қаттиқ ёқилғили қозонлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона маҳсулотлари Европа экологик стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб олди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА