«Ўзбекистон – буюк ипак йўлининг марвариди»
Янги китоблар
Бурханеттин Жарлак Голландияда яшаб ижод қилаётган турк журналисти. Туркиянинг Кайсери вилоятидан. У Ўзбекистонга қилган сайёҳати таассуротлари ва дўстларининг Ўзбекистон ҳақида кўрган-билганларини жамлаб голланд тилида «Ўзбекистон – буюк ипак йўлининг марвариди» деб номланган китоб ёзиб, нашрдан чиқарди.
Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китобнинг сотилишидан тушган маблағни ўзбекистонлик талабаларга ёрдам тариқасида сарфлашни ният қилган муаллиф яқинда унинг ёзилишида ҳисса қўшган инсонлар билан Ўзбекистонга келишни мўлжалламоқда.
–Ушбу китобни чиқаришдан асосий мақсадим Голландияда Ўзбекистон ҳақида муайян тасаввур уйғотиш, унинг бой тарихи, миллий қадриятлари,сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилишдир, – дейди Бурханеттин Жарлак. – Шу боис унда Ўзбекистоннинг муҳим туристик манзиллари ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик.Ўзбекистон ўзининг маданий ва табиий бойликлари, гўзалликлари, сўнгги йилларда амалга ошираётган жамиятни демократлашиш билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотлари билан Ўрта Осиёнинг юлдузига айланиши, шубҳасиз, деб ўйлайман. Айни пайтда нафақат Туркия, балки Голландия ва Бельгияда ҳам Ўзбекистонга бўлган қизиқиш юқори даражада. Ўзбекистонга илк маротаба 2008 йилда Голландия телевидениеси учун мамлакатингиз ҳақида ҳам кўрсатув, ҳам ҳужжатли фильм олиш учун келгандим.
Бурханеттин Жарлакнинг «Ўзбекистон – буюк ипак йўлининг марвариди» китоби 170 саҳифадан иборат. Китоб ҳазрат Алишер Навоий шеъри билан бошланиб, шоир шеъри билан якунланади.
Китобдан Абдулваҳид Ван Боммелининг тарихий ва маданий истиқболлар хусусидаги кириш сўзи, бельгиялик журналист-ёзувчи Джон Рейнхард ва сайёҳ ҳамда ёзувчи Марлеен Тутенелнинг «ўзбек тўйлари» борасидаги таассуротлари ўрин олган,
Шунингдек, жамоат арбоби Ремко Рейдингнинг Амерсфордда шаҳид бўлган 101 исмсиз ўзбек аскарлари, Амстердам университети профессори Ласзло Маракзининг сайёҳ Армин Вамбери ҳақидаги мақолалари китобхонларда катта қизиқиш уйғотади.
Сахин олий ўкув юртидан Флоор Хербинкнинг саёҳат кундалиги, қоғоз ишлаб чиқарувчи Лео Хоегенинг ўзбек қоғоз ишлаб чиқариш анъаналари, Ўзбекистоннинг Бенилюксдаги элчиси Диёр Ҳакимовнинг «Ўзбекистоннинг тижорий салоҳияти» номли мақоласи, шунингдек, Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлигининг « Ўзбекистонга келиш учун 12 сабаб» номли мақоласи голланд ўқувчиларини бефарқ қолдирмайди.
“Бу камтарона меҳнатимни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлайман”, дейди Бурханеттин Жарлак.
Исмат Худоёров, ЎзА