“Ўзбекистон божхонаси” стратегияси: рақамли, тезкор ва шаффофлик сари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон божхонаси” стратегияси тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат божхона органларини сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланадиган, фаолияти рақамлаштирилган ва шаффоф, тадбиркор ҳамда фуқаролар учун қулай хизмат кўрсатадиган минтақадаги етакчи тузилмага айлантиришни назарда тутади.
Стратегияга кўра, 2030 йилга қадар инсон омилисиз божхона расмийлаштируви кўлами 60 фоизга етказилади. Расмийлаштирувнинг ўртача вақти импортда 2 соатга, экспортда 30 дақиқагача қисқартирилади. Божхона тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини камида 4,4 фоиз даражасида таъминлаш белгиланган.
Ислоҳотларнинг амалий натижалари
Сўнгги йилларда соҳада янги стратегик босқичга ўтиш учун зарур технологик ва инфратузилмавий асос яратилди.
Йирик чегара божхона постларига ёндош ҳудудларда 4 та божхона терминали барпо этилиши натижасида юк транспорт воситалари оқими 2 баравар ошди. Чегара постларини замонавий назорат техникаси билан жиҳозлаш орқали рентген ускуналаридан фойдаланиш самарадорлиги 3 бараварга кўтарилди.
Транзит, юк операциялари ва экспорт жараёнларининг соддалаштирилиши ҳисобига божхона декларациялари ҳажми 2,5 баравар ошди. Масофавий расмийлаштирувга ўтилиши эса тадбиркор билан божхона ходими ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни чеклаб, расмийлаштирувнинг ўртача вақтини 3 баравар қисқартирди.
Бугунги кунда декларацияларнинг 79 фоизи соддалаштирилган тартиб (“сариқ” ва “яшил” йўлак), 10 фоизи инсон омилисиз автоматик тарзда, қолган 11 фоизи хавф даражасидан келиб чиқиб, тўлиқ назорат тартибида (“қизил” йўлак) расмийлаштирилмоқда.
2025 йилда Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 76,2 триллион сўмга етди. Бу 2024 йилга нисбатан 21 фоиз кўпдир.
Шунингдек, 8 та хорижий давлатнинг божхона хизматлари билан экспорт товарлари тўғрисида ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. 41 та халқаро ва миллий авиакомпаниядан йўловчилар ҳамда уларнинг багажлари ҳақида дастлабки маълумотларни олиш хавфларни олдиндан баҳолаш имкониятини кенгайтирди.
Жаҳон банкининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, Логистика самарадорлиги халқаро индексининг субиндикаторида Ўзбекистон 140 ўриндан 74 ўринга кўтарилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2025 йилги рақамли ва барқарор савдони енгиллаштириш бўйича глобал тадқиқотида Ўзбекистоннинг умумий кўрсаткичи 92,4 фоизни ташкил этди. Жумладан, шаффофлик 100 фоиз, расмиятчиликларни соддалаштириш 95,8 фоиз, қоғозсиз савдо 96,3 фоиз, чегаралараро қоғозсиз савдо 88,8 фоиз, институционал ҳамкорлик эса 66,6 фоизга баҳоланди.
Бешта устувор йўналиш
“Ўзбекистон божхонаси” стратегияси қуйидаги бешта устувор йўналишни қамраб олади:
жисмоний ва юридик шахсларга божхона жараёнларидан ўтишда қулай шарт-шароитлар яратиш;
сунъий интеллектни кенг жорий этиш орқали соҳани рақамлаштириш;
божхона маъмуриятчилиги ва фискал жараёнларни такомиллаштириш;
кадрлар салоҳияти, касбий маҳорат ва комплаенс тизимини ривожлантириш;
хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш.
Ушбу йўналишларнинг барчаси ўзаро боғлиқ бўлиб, ташқи савдони енгиллаштириш билан бир вақтда иқтисодий хавфсизлик ва фискал барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Стратегияда божхона қийматини аниқлашда битим қийматига асосланган асосий усулни қўллаш улушини 89 фоизга етказиш белгиланган. Бу тадбиркорга ташқи савдо харажатларини олдиндан ҳисоблаш ва товарларни расмийлаштиришда ҳуқуқий аниқликка эга бўлиш имконини беради.
Божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Мазкур механизм хорижий хомашёни қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони 500 тага етказилади. Ишончли тадбиркорларга қўшимча енгилликлар бериш божхона ресурсларини хавфи юқори операцияларга йўналтириш имконини кенгайтиради.
Товарлар божхона ҳудудига етиб келгунга қадар дастлабки декларацияни тақдим этишнинг соддалаштирилган амалиёти, электрон навбат ҳамда ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш бўйича интерактив хизматлар жорий этилади.
Сунъий интеллектга асосланган электрон хизматларни кенгайтириш
Божхона қўмитаси таркибида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этишга ихтисослашган “Рақамли технологиялар маркази” ташкил этилади.
Сунъий интеллект ёрдамида товарларнинг TIF TN кодини аниқлаш, божхона қийматини назорат қилиш, хавфли операцияларни автоматик саралаш, рентген тасвирларини таҳлил қилиш ҳамда транспорт воситаларининг тури ва габаритларини аниқлаш режалаштирилган.
Божхона декларациясига илова қилинган инвойс ва бошқа ҳужжатларни “OCR” технологияси орқали автоматик ўқиш, маълумотларни ахборот тизимига киритиш ҳамда дастлабки таҳлилдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
“Customs fine” мобил иловаси ишлаб чиқилиб, фуқароларга маъмурий жарималар ҳақида маълумот олиш ва уларни электрон тўлаш имконияти яратилади.
Юзни таниш, давлат рақам белгиларини автоматик ўқиш, транспорт оқимини таҳлил қилиш ва шубҳали ҳаракатларни аниқлаш имконига эга “Smart CCTV” тизими ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек, транспорт воситаларини божхона ҳамроҳлигида кузатишда электрон пломбаларни қўллаш улуши 30 фоизгача оширилади. Автомобиль ўтказиш пунктларининг товар ўтказиш қуввати 30,6 миллион тоннага етказилади.
Чегара божхона постларини 12 та инспексион кўрик мажмуаси, 35 та электрон тарози, 100 та транспорт давлат рақамини автоматик аниқлаш камераси, 7 та “Body scanner” 5 мингта GPS электрон пломбаси, 3 мингта лицензияланган антивирус дастури ва 1 мингта замонавий компьютер билан жиҳозлаш режалаштирилган.
2030 йилга қадар товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида онлайн ахборот алмашинуви йўлга қўйилган хорижий давлатлар сони 18 тага етказилади.
Янги божхона — иқтисодий тараққиёт омили
Замонавий божхона фақат товарлар ҳаракатини назорат қилувчи ёки бюджетга тўлов ундирувчи орган эмас. У ташқи савдони енгиллаштириши, ҳалол тадбиркорни қўллаб-қувватлаши ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаши лозим.
Чегара пунктларининг товар ўтказиш қувватини 30,6 миллион тоннага ошириш Ўзбекистоннинг минтақавий савдо ва логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, тизимни рақамлаштириш якуний мақсад эмас, балки тадбиркор учун вақт ва харажатларни қисқартириш, давлат учун фискал барқарорликни таъминлаш, жамият учун эса очиқ, шаффоф ва ишончли божхона тизимини шакллантириш воситаси сифатида қаралмоқда.
Ғ.Насиров, полковник,
Божхона қўмитаси
раисининг биринчи ўринбосари