Ўзбекистон- Беларусь: ветеринария соҳасида ҳамкорлик
Мамлакатимиз ва Беларусь Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда олий таълим тизимида ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университети Беларусь Республикасининг Витебск ветеринария академияси ва Гродно давлат аграр университети билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйган.
– Витебск ветеринария академияси ветеринария соҳаси бўйича дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади, – дейди Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети проректори Абдуғани Элмуродов. – Бу ерда жуда кенг кўламда илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилади ҳамда мутахассис кадрлар тайёрланади. Бизнинг университетимиз айнан шу йўналишларда академия билан ҳамкорлик қилади. Ҳар йили профессор-ўқитувчиларимиз бориб, академияда тажриба ўрганиб келади. Ўз навбатида улардан мутахассислар келиб, талабаларимизга сабоқ беради. Бундан ташқари, ветеринария медицинаси ва ветеринария фармацевтикаси таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Бу йўналишларда талабалар 2-3 йил бизда ва 2 йил академияда ўқиб диплом олади. Ўтган йил қўшма таълим дастури асосида илк бор 20 нафар ёшлар мутахассислик дипломини олиб, меҳнат фаолиятини бошлади. Айни пайтда яна 50 нафарга яқин талабаларимиз академия ва университет ўқитувчилари сабоғини олмоқда.
Академия билан ҳамкорлик доирасида икки муассаса илмий ходимлари томонидан йирик ва майда шохли ҳайвонлар касалликларини даволаш, юқумли ва ички юқумсиз касалликлар, паразитар касалликлар, ветеринария хирургияси, ветеринария фармокологияси каби йўналишларда дарсликлар, ўқув қўлланмалар ҳам тайёрланмоқда. Хусусан, беш йил ичида ўзаро ҳамкорликда 50 га яқин ўқув қўлланма ва монография нашр этилди, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, университет олимлари Беларусь давлати олий таълим муассасалари мутахассислари билан биргаликда чорва ҳайвонлари касалликларининг олдини олиш ва турли хил хасталикларга қарши курашиш мақсадида вакцина ва препаратлар яратиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Дарвоқе, куни кеча Самарқанд вилояти ҳокими ва Беларус Республикаси Гродно вилояти губернатори учрашувида минтақалар ўртасида олий таълим тизимида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири