Ўзбекистон-Беларусь: атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
“Ўзатом” агентлиги делегациясининг Минск шаҳрига ташрифи доирасида Беларусь томони билан ишчи учрашувлар бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида кадрлар тайёрлаш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлаб Минск давлат энергетика коллежи директори Александр Новиков билан учрашув ўтказилди. Унда Жиззах политехника институти негизида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этиш, шунингдек, электр монтажчилари, пайвандчилар ва бошқа техник мутахассисларни тайёрлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Ярим асрдан ортиқ тажрибага эга коллеж шу вақтга қадар 20 мингдан зиёд мутахассисни етиштирган бўлиб, 2009 йилдан буён Беларусь АЭСи учун ҳам кадрлар тайёрлаб келмоқда.
Учрашувда Беларуснинг кадрлар тайёрлаш борасидаги тажрибасини Ўзбекистондаги атом лойиҳаси эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва амалий кўникмаларни ривожлантириш орқали атом электр станциясини қуриш ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур мутахассисларни тайёрлаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Ўзатом” делегацияси “Беллегпром” концерни раиси Надежда Лазаревич ва корхона раҳбарияти билан учрашди. Музокараларда атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси доирасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Маҳсулотларини дунёнинг 60 дан ортиқ давлатига етказиб бераётган концерн Ўзбекистондаги муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашувлар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида атом энергетикаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Мазкур йўналишлар мамлакатимизнинг атом энергетикаси лойиҳасини зарур мутахассислар билан таъминлаш ва икки давлат ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА