Кўчмас мулкка тақиқ: Асоссиз бўлса, уни бекор қилиш йўллари
Қонунчиликдаги ҳар бир норма инсон ҳаёти, ҳуқуқи ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ. Аммо кундалик ҳаётда турли ҳуқуқий саволлар, тушунмовчиликлар ва ечимини кутаётган муаммоларга дуч келамиз.
Кўчмас мулкка қўйилган тақиқ фуқаронинг ўз уйи, ери ёки бошқа мулкини сотиши, ҳадя қилиши ёхуд унга нисбатан айрим ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширишига тўсқинлик қилиши мумкин. Баъзан эса мулкдор тақиқ нима сабабдан қўйилгани ва уни бекор қилиш учун қаерга мурожаат қилиш кераклигини билмайди.
Хўш, фуқаро ўз мулкига қўйилган тақиқни асоссиз деб ҳисобласа, қандай йўл тутиши лозим?
Давлат кадастрлари палатаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонуннинг 56-моддасига мувофиқ, кўчмас мулкка тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги ҳужжат рўйхатдан ўтказувчи органга келиб тушган кундан эътиборан бир иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, тақиқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уни қўйишга асос бўлган қарорнинг қонунийлигини баҳолаш — турли ваколатларга эга жараёнлар.
Агар фуқаро ўз кўчмас мулкига қўйилган тақиқни асоссиз деб ҳисобласа, у қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Фуқаро аввало, тақиқ қайси органнинг қарори асосида қўйилганини аниқлаши муҳим. Агар у тергов доирасида қабул қилинган қарор билан боғлиқ бўлса, эътироз тегишли ваколатли органга билдирилиши лозим. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, терговчининг процессуал ҳаракатлари ёки қарорлари устидан қонунчиликка кўра шикоят берилади. Мавжуд қонунчиликка асосан судга ҳам мурожаат қилиш мумкин. Шу сабабли, аввало, тақиқ қайси органнинг қарори асосида қўйилганини аниқлаш лозим. Агар у тергов доирасида қабул қилинган қарор билан боғлиқ бўлса, эътироз тегишли ваколатли органга билдирилиши керак.
Тақиқни бекор қилиш учун уни қўйган ваколатли мансабдор шахснинг ёки суднинг тегишли қарори талаб этилади. Мазкур қарор рўйхатдан ўтказувчи органга келиб тушгач, Кадастр агентлиги тақиқни бекор қилишни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказади. Демак, Кадастр агентлиги тергов органлари ёки суднинг ваколатларини амалга оширмайди. У қонуний асосда келиб тушган ҳужжатларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш вазифасини бажаради.
Хулоса қилиб айтганда, кўчмас мулкка қўйилган тақиқдан норози бўлган фуқаро, энг аввало, унинг ҳуқуқий асосини аниқлаши ва тегишли ваколатли органга мурожаат қилиши керак. Тақиқни бекор қилиш масаласи ваколатли орган ёки суднинг тегишли қарори асосида ҳал этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА