Ўзбекистон байроғи ҳақида сўз
Мустақил Ўзбекистон байроғини юртдошларимиз бирдай яхши кўради, ҳурмат қилади, бошга кўтаради. Унинг яратилганига мана бу йил 35 йил бўлди. Бу тарих учун жуда қисқа вақт ҳисобланади.
Лекин ўтган бу вақт мобайнида байроғимиз аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, жаҳон мамлакатлари байроқлари билан биргаликда ҳилпирай бошлади. Шунингдек, у дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги давлатимиз элчихоналари олдида бўй кўрсатди. Айниқса, байроғимиз Ўзбекистон спортчилари ғолиб чиққанларида ҳар доим юксакка кўтарилади. Албатта, у билан бирга, юртимиз шаъни, обрў-эътибори ҳам янада баландлашади. Шундай пайтлари ғолиб спортчиларимиз байроғимизни бошлари узра кўтариб, ринг бўйлаб ёки кураш, футбол майдонларида югурганларида, уларни боқиб, беихтиёр кўзларимизга севинч ёшлари қалқиб чиқади. Юракларимиз эса фахру ифтихордан шодликларга лим тўлади. Ўзларимизни дунёнинг энг бахтли одамларидай ҳис қиламиз.

Ана шу ўринда олис тарихга бир назар ташласак. Бундан бир неча аср олдин мўғуллар ҳукмдори Чингизхон юртимизнинг кўплаб шаҳарлари каби Урганчни ҳам босиб олиш ниятида уни қамал қилади. Қамал узоқ давом этади. Охир оқибат босқинчилар шаҳарни эгаллаб олишади. Шунда улар шаҳарни мудофаа қилишда мардларча курашиб, ҳалок бўлган буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларининг жасадига дуч келишади.

Қарасалар, аллома юрт байроғини бағирларига босиб, қўлларида маҳкам қисганларича ётибдилар. Улар байроқни олмоқчи бўлишиб, ҳарчанд уринсалар-да ниятларига етмайдилар. Охири иложсизликдан алломанинг байроқ тутган қўлларини чопиб ташлашади. Шундан кейингина улар байроқни олишга мувафффақ бўлишади. Ҳа, юрт байроғи улуғ бобо, момоларимиз учун ана шундай азиз, мўътабар бўлган.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон байроғи мустақил ва озод юртимизнинг барча масканларида, шунингдек, давлат идоралари пештоқларида, боя айтиб ўтганимиздек, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг биноси олдида мағрур ҳилпираб турибди. Доно ва меҳнаткаш халқимиз эса Президентимиз раҳбарлигида ана шу байроқ остида бирлашиб, ўзининг улуғ орзулари сари дадил одимламоқда.
Шу ўринда байроғимизга бағишланган қуйидаги шеърни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
Мовий рангда, яшил рангда, оппоқ рангда,
Товланади қуёш нурин тараганда,
Кўз қувнайди, дил яшнайди, қараганда,
Эл меҳридан, юрт шаънидан яралганда.
Озод бўстон байроғи бу, шонимиздир,
Ўзбекистон байроғи бу, жонимиздир.
Мустақиллик берди уни, бизга дўстлар,
Қутлуғ бўлсин, улуғ туҳфа сизга дўстлар,
Шоҳсупага чиққан чоғда, кезда дўстлар,
Лабга босиб, суражакмиз кўзга дўстлар.
Озод бўстон байроғи бу, шонимиздир,
Ўзбекистон байроғи бу, жонимиздир.
Доим олдга чорлаб турар маёқ каби,
Қўллагайдир бир дўст каби, ўртоқ каби,
Юксалгайдир бургут каби, зўр тоғ каби,
Талпингаймиз унга азиз даргоҳ каби.
Озод бўстон байроғи бу, шонимиздир,
Ўзбекистон байроғи, бу жонимиздир.
Қўймагаймиз уни қўлдан, ҳилпирасин,
Бормоқдамиз эзгу йўлдан, ҳилпирасин,
Халқим бахти мангу кулгай, ҳилпирасин,
Дунё боқиб ҳавас қилгай, ҳилпирасин.
Озод бўстон байроғи бу, шонимиздир,
Ўзбекистон байроғи бу, жонимиздир.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир