Ўзбекистон байроғи фахримиз, ғуруримиз (+видео)
Ўзбекистон байроғини кўрганда қалбимизда фахр, ифтихор туйғулари жўш уради. Қалбимизда алланечук илиқ туйғулар жўш уриб, шундай гўзал, буюк тарихга эга давлатнинг фуқароси эканлигимиздан ғурурланамиз.
Ватан тимсоллари барчамиз учун муқаддас. Бизнинг Она Ватанга, шу муқаддас тупроққа бўлган муҳаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади. Шу боис ҳам давлатимиз байроғи ҳар биримизга куч – қудрат бағишлайди, эзгу мақсадларга чорлайди.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб бормоқда. Айниқса, маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи жаҳон узра ҳилпираб туриши бизга ғурур бағишлайди. Президентимиз томонидан 2023 йил 7 июлда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун имзоланди. Мазкур ҳужжат билан эндиликда байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида, спорт мусобақаларида, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланишга рухсат берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B9eIjfYsSHE" title="O‘zbekiston bayrog‘i faxrimiz, g‘ururimiz" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда кўплаб оилалар ўз хонадонларига давлат байроғини ўрнатиб, меҳр – муҳаббатини билдирмоқда. Фарғона шаҳар “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сирожиддин ота Холдоров 75 ёшда. Ҳарбий учувчи бўлган бу инсон юртга садоқат билан хизмат қилиб, бугунги кунда шукроналик билан кексалик гаштини сурмоқда. Давлат байроғини хонадонига ўрнатиб, фарзандлари, невара ва эваралари, қолаверса маҳалладошлари қалбига ватанпарварлик, юртига садоқат туйғуларини ундирмоқда.
–Байроқ бу ҳар бир давлатнинг рамзи, юраги ҳисобланади, – дейди отахон. – Ҳар бир инсон байроқни уйининг тўрига ёки дарвозаси пештоқига ўрнатиб, унга қараганда юраги шувуллашини ҳис қилиши керак. Биз ҳақиқий буюк миллатмиз. Бундан кейин ҳам буюклигимиз сақлашимиз, давлатимиз рамзлари, жумладан, байроғимизга бўлган меҳримизни оширишимиз керак. У билан ғурурланишимиз, керак бўлса у учун жон беришга тайёр бўлишимиз керак.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири