Ўзбекистон Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида 67-ўринни эгаллаган
Парламент қуйи палатаси мажлисида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Закировнинг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш ҳамда шаффоф ва коррупциядан холи тизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавоби кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Бу борада жорий йилда 2 минг 240 та халқаро стандарт қабул қилиниб, миллий стандартларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлашганлик даражаси 85 фоизга етказилган.
БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) томонидан 2026 йил ноябрь ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида 170 та давлат орасида 67-ўринни эгаллаган. Бу аввалги натижага нисбатан 28 поғона юқори кўрсаткичдир. Мамлакатимиз мазкур рейтингда ўз ўрнини энг жадал яхшилаган бешта давлат қаторига кирган.
“Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими орқали 397 мингдан ортиқ электрон ариза қабул қилиниб, 297 мингта мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган. Тизим 40 дан ортиқ давлат органи ва ташкилот билан интеграция қилинган. Номувофиқ маҳсулотлар реестри ишга туширилиб, унга 194 та маҳсулот киритилган, “Сифат бўйича кўмакчи” электрон платформаси яратилган.
Тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва очиқликни таъминлаш борасида Агентлик ва унинг тизим ташкилотларида ходимларнинг манфаатлар тўқнашувига оид декларациялари таҳлил қилинган. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар миллий мувофиқлик белгиси ва бозор назоратини жорий этиш механизмларини ўз вақтида тайёрлаш, халқаро стандартларни қабул қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
М.Комилова,
ЎзА