Ўзбекистон – бағрикенг диёр
Навоий вилоятида ҳам 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида миллий маданий марказлар ва ёшлар вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари иштирокида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида тадбирлар ўтказилмоқда.
Сана муносабати билан Навоий давлат университети Математика-информатика факультети ва халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида интеллектуал беллашув ташкил этилди.
Дастлаб маънавий-маърифий тадбирда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослиги хусусида сўз юритилди.

– Юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг биргаликда тинч, осуда ҳамда фаровон ҳаёт кечиришлари мамлакатимиз сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, – дейди Навоий давлат университети Математика-информатика факультети декани Азамат Норбеков. – Университетимизда ҳам бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилмоқда, таълим олмоқда. Ҳамма тенг ҳуқуққа эга. Улар юртимиздаги имконият ва имтиёзлардан бирдек фойдаланмоқда. Президент қарорига асосан олис чўл ҳудудлари саналмиш Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида истиқомат қилаётган аҳоли фарзандлари учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш борасида имтиёзлар берилган. Бизнинг факультетимизда ҳам бу имтиёздан фойдаланган талабалар бор.
Бугунги кунда Навоий вилоятида қарийб 40 минг нафарга яқин қозоқ, 24 мингга яқин қорақалпоқ, 14,5 мингдан зиёд тожик, шунингдек, рус, туркман, корейс, украин, озарбайжон ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилмоқда. Шунингдек, умумтаълим мактабларидан 5 тилда таълим берилади.
“Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида ўтказилган интеллектуал беллашув талабаларнинг билимларини бойитиш ва миллатлараро бирлик ғояларини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир сўнггида фаол талабаларга эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири