Ҳудудлардаги имкониятлардан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланди
Бугун мамлакатимизда аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, шунингдек, тиббий туризмни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, хорижий фуқароларни ҳам маҳаллий тиббиёт муассасаларига жалб этиш борасида белгиланаётган вазифалар бу йўналишда янги имкониятларни юзага чиқармоқда.
Айниқса, Бухоро вилоятининг географик жойлашуви, қўшни давлатлар билан чегарадошлиги, бой туристик салоҳияти ва шаклланган тиббий инфратузилмаси тиббий туризмни ривожлантириш учун муҳим омил ҳисобланади. Энди асосий вазифа ушбу имкониятларни аниқ лойиҳалар, замонавий хизматлар ва аҳоли ҳамда хорижий меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар билан бойитишдан иборат.
Шу мақсадда Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов ҳамда директор ўринбосари Жамшид Ҳожибоев Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Маълумки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур марказ Бухоро вилоятига куратор этиб бириктирилган. Шу асосда ҳар ойда ҳудуддаги тиббиёт муассасаларининг фаолияти, моддий-техник имкониятлари, тиббий хизмат сифати ва мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий тавсиялар бериб келинмоқда. Бундай тизимли ҳамкорлик ҳудудий тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ташрифнинг дастлабки манзили Олoт тумани бўлди. Бу ерда туман тиббиёт бирлашмасининг фаолияти, мавжуд инфратузилма, мутахассислар салоҳияти ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан танишилди. Шундан сўнг Олoт ва Қоракўл туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳудудда тиббий туризмни ривожлантириш, мавжуд тиббий инфратузилма имкониятларидан оқилона фойдаланиш, хизматлар турини кўпайтириш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 3–4 ноябрь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида Олoт тумани ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудда кўприк қурилиши учун 25 миллиард сўм маблағ ажратилиши бўйича берган топшириғи тиббий туризм нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Зеро, янги транспорт боғланишлари чегара ҳудудларида аҳоли ва меҳмонлар ҳаракатини енгиллаштириш билан бирга, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтиради. Бу эса Олoт ва Қоракўл туманларида мавжуд тиббий салоҳиятни ишга солиш, қўшни давлат фуқароларига талаб юқори бўлган тиббий хизматларни таклиф этиш ва ҳудуднинг тиббий туризм йўналишидаги жозибадорлигини ошириш учун замин яратади.
Муҳокамаларда тиббий туризмни ривожлантириш фақат даволаш хизматларини таклиф этиш билан чекланмаслиги, балки ташхис қўйиш, профилактик кўрик, замонавий лаборатория текширувлари, малакали мутахассислар маслаҳати ва беморлар учун қулай хизмат кўрсатиш тизимини ҳам қамраб олиши зарурлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти ўрганилди. Муассасада маҳаллий ва хорижий фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар, яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўздан кечирилди.
Ўрганишлар давомида ҳар икки тиббиёт муассасасида чек-ап тизимини жорий этиш, аҳоли ва хорижий фуқаролар учун тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда беморлар учун қўшимча қулайликлар яратиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Дарҳақиқат, тиббий туризм — бу нафақат соғлиқни сақлаш соҳасининг янги даромад манбаи, балки ҳудуднинг халқаро нуфузи, хизматлар экспорти ва иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим йўналишдир. Бунинг учун эса замонавий тиббий ускуналарнинг ўзи кифоя қилмайди. Малакали кадрлар, халқаро талабларга мос хизмат кўрсатиш маданияти, тезкор ташхис, сифатли даволаш ва беморлар ишончини қозонадиган тизим зарур.
Бухорода олиб борилаётган ўрганишлар ҳам ана шу мақсадларга қаратилган. Энг муҳими, ҳудуднинг мавжуд имкониятларини аниқлаш билан бирга, уларни амалий натижага айлантириш, тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва вилоятни тиббий туризмнинг истиқболли марказларидан бирига айлантириш вазифалари белгилаб олинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири